Нима учун ер участкасига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш муҳим? (+видео)
Барчага маълум, ер участкаларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали фуқаро ёки тадбиркор ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиши, давлат реестрида расман эгалик ҳуқуқини тасдиқлатиши мумкин.
Кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг афзалликларига тўхталадиган бўлсак, ерга эгалик ёки фойдаланиш ҳуқуқи давлат реестрида расмий қайд этилади. Суд, давлат органлари ва учинчи шахслар олдида ер участкасига бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Сотиш, сотиб олиш ва мерос қилиб қолдириш имконияти бўлади. Фақатгина кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ерни сотиш, совға қилиш ёки мерос қолдириш мумкин.
Шунингдек, кредит олиш, ипотекага қўйиш ёки қурилиш учун рухсат олиш жараёнида ернинг кадастр ҳужжати талаб қилинади. Инвестиция жалб қилишда ер участкаси ҳуқуқий жиҳатдан “тоза” бўлиши зарур.
Энг муҳими, ердан фойдаланиш билан боғлиқ давлат дастурлари, субсидия ва имтиёзлардан фақат расмий ҳужжатга эга шахслар фойдалана олади.
Кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмаслик оқибатларига тўхталадиган бўлсак, ернинг аниқ эгаси ёки фойдаланувчиси бўйича низолар чиқиши мумкин. Қўшнилар ёки давлат органлари билан тортишувларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш қийин бўлади. Сотиш ёки мерос қолдириш имкониятсиз бўлади. Кадастрсиз ер участкаси тўлиқ ҳуқуқий муомала объекти эмас, уни расмий сотиб олиш ёки сотиш мумкин эмас. Ер ҳужжати йўқ бўлса, унда уй-жой ёки ишлаб чиқариш биноларини қуриш учун ҳеч қандай расмий рухсат берилмайди. Кредит ва инвестиция имконияти йўқ бўлади. Банкка ипотека сифатида қўйиб бўлмайди. Инвестор ҳам ноаниқ ҳуқуқий мақомга эга ерга маблағ йўналтирмайди.
Энг ёмони, агар ер расмий рўйхатга олинмаган бўлса, давлат ер фонди ҳисобланиб, муайян ҳолларда қайтариб олиниши мумкин. Шуни ҳам айтиш ўринли, ер участкалари ва кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 681-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, “Солиқ кодекси”нинг 437-моддасига асосан ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ҳисобланишига сабаб бўлади. Шу сабабли, ер участкасига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш лозим.
Бунинг учун қандай ҳужжатлар керак бўлади? Кадастр агентлиги ходими Бегзод Отабековга шу савол билан юзландик.
– Ер участкасига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон қарори 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади, – дейди Бегзод Отабеков. – Бунда мулк эгаси томонидан Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 31, 32, 33 моддаларида келтириб ўтилган ер участкасига тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар илова қилинган ҳолда кадастр паспортини шакллантириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берилади.
Ариза Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларидаги кадастр муҳандислари томонидан ер участкаси тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, кадастр йиғма жилд ҳужжатлари шаклланади.
Аризалар белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиб, кадастр паспорти шакллантирилади.
Кадастр паспорти шакллантирилганидан сўнг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтириб ўтилган қарорига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.
Агарда фуқаро ушбу ер участкасига қурилиш ишларини амалга оширмоқчи бўлганида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги тегишли қарори иловалари билан тасдиқланган маъмурий регламентларга асосан қурилишга рухсатнома, лойиҳа-смета ҳужжатлари, АРТ ҳужжат расмийлаштирилиб, қурилиш ишлари амалга оширади.
Бино ва иншоотлари мавжуд бўлмаган ер участкаларини бугунги кунда олди-сотди қилиш имконияти мавжуд. Бунинг учун фуқаро Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги қарорининг 1-иловасига асосан ер участкасини хусусийлаштириб, мулк ҳуқуқи олганидан сўнг нотариал тартибда амалга ошириши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ер участкасидан тўлиқ ва хавфсиз фойдаланишнинг ягона йўлидир. У фуқарога ҳам, тадбиркорга ҳам ҳуқуқий кафолат, молиявий имконият ва давлат томонидан ҳимоя беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JaolYwcod0w" title="Nima uchun yer uchastkasiga kadastr hujjatlarini rasmiylashtirish muhim?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА