Наврўз — дўстликни боғловчи кўприк (+видео)
Жиззах вилоятининг Зомин туманининг осмонўпар тоғлар бағрида жойлашган Дуоба маҳалласида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир” шиори остида ўтказилган умумхалқ сайли юксак савия ва кўтаринки руҳ билан ажралиб турди. Асосан қирғиз миллатига мансуб қардошларимиз истиқомат қилувчи ушбу маҳалладаги байрам том маънода дўстлик ва ҳамжиҳатлик тимсолига айланди.
Наврўз азалдан нафақат ўзбек, балки қирғиз, қозоқ, тожик, туркман, озарбайжон халқларини бирлаштириб келаётган умуминсоний қадрият сифатида қадрланади. Дуобадаги байрам эса ана шу муштаракликни яна бир бор ёрқин намоён этди. Тилимиз, дилимиз, динимиз бир бўлган қардош халқларнинг урф-одат ва анъаналари деярли муштарак экани маданий-маърифий чиқишлар, миллий маросимлар орқали яққол кўзга ташланди.


Тадбир доирасида ташкил этилган миллий таомлар кўргазмасида ўзбек ва қирғиз халқларига хос меҳмондўстлик ва пазандачилик анъаналари уйғунлашиб, байрам дастурхонига алоҳида файз бағишлади. Анъанавий “келин салом” маросими, болаларнинг дилбар рақслари эса тадбирга кўтаринки кайфият ва миллий руҳ бағишлади.
Шунингдек, спортнинг миллий кураш тури бўйича болалар ўртасида ўтказилган мусобақалар, арқон тортишиш беллашувлари иштирокчиларда соғлом рақобат ва жамоавийлик туйғусини мустаҳкамлади. Осмонда ҳилпираган ранг-баранг варраклар эса Наврўз шукуҳини янада жозибадор намоён этиб, болалар қувончига қувонч қўшди.


Энг муҳими, турли миллат вакилларининг байрамни биргаликда нишонлаши мамлакатимизда қарор топган бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва мустаҳкам дўстлик муҳитининг амалий ифодаси бўлди. Бу эса Наврўзнинг халқларни яқинлаштирувчи, қалбларни боғловчи буюк маънавий куч эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Тадбирда сўзга чиққан нуронийлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлар ўртасидаги тотувлик учун шукроналик билдириб, халқ фаровонлиги йўлида яратилаётган имкониятларни алоҳида эътироф этдилар.


<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Izdm5xGWshk" title="Navro‘z — do‘stlikni bog‘lovchi ko‘prik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдужалол Қаюмов (видео, сурат), ЎзА мухбири