Миллий мерос ва қадриятларни асраб-авайлашнинг инновацион ёндашувлари муҳокама этилди
Пойтахтимизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан “Янги Ўзбекистонда қадриятлар трансформацияси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда 9 та хорижий давлат экспертлари ҳамда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, академик ҳамжамият ва сиёсий партиялар вакилларидан иборат 70 нафарга яқин маҳаллий мутахассис иштирок этди.
Анжуман Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижтимоий, маданий ва маънавий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш, миллий қадриятлар трансформацияси жараёнини муҳокама этиш ва халқаро тажриба юзасидан фикр алмашиш мақсадига қаратилди.
Бугунги жамиятда анъанавий ва замонавий қадриятлар ўртасидаги мувозанат, ёш авлодга миллий қадриятларни етказиш, миллий мерос ва урф-одатларни асраб-авайлашга инновацион ёндашувлар, четдан кузатиладиган таъсирларга қарши самарали чораларни қўллаш каби масалалар юзасидан тадбирда атрофлича фикр алмашилди. Халқаро экспертлар бугунги глобаллашув шароитида қадриятлар эволюциясининг кузатилиши табиий жараён эканлиги, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга етказиш муҳимлиги, бу борада Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган ишлар самарали бўлишига ишонч билдирди.
[gallery-23120]
Шунингдек, тадбирда юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, маданият ва маърифатни жамият тараққиётининг асосий омилига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола қилинди. Хусусан, китобхонликни оммалаштириш, миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ва уларни маънавий жиҳатдан етук шахслар сифатида тарбиялашга қаратилган ташаббуслар алоҳида эътироф этилди.
Экспертлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолар экан, унинг асосий мақсадларидан бири адолатли ва самарали давлат бошқарувини шакллантириш, ижтимоий ҳимоя ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, миллий қадриятларни сақлаган ҳолда глобаллашувга мослашиш эканини қайд этди. Мазкур ёндашувлар юртимизнинг яқин келажакда барқарор ва инклюзив тараққиёт йўлидан борувчи мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллаши учун хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда қадриятлар трансформацияси жараёнини янада ривожлантириш, жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва демократик қадриятларни қарор топтиришга қаратилган қатор муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Камола Юсупова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА