Маҳаллалар тараққиёти йўлида амалий мулоқот ва ўрганишлар
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жаҳонгир Ширинов ва Умида Раҳмонова, шунингдек “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида бўлиб, маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни атрофлича ўрганди.
Ташриф доирасида, аввало, Қоракўл туманидаги Шўррабод маҳалласида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Хусусан, маҳаллада “еттилик” тизими фаолияти самарадорлиги, аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди. Шунингдек, профилактика инспекторлари ва маҳалла раислари иштирокида амалий мулоқотлар ташкил этилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувлар давомида “Солиқлар – маҳалла тараққиёти гарови” тамойили асосида солиқ маданиятини ошириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онгни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада фуқароларнинг фаоллигини кучайтириш, уларни иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида аҳоли томонидан илгари сурилган, аммо ғолибликни қўлга кирита олмаган, бироқ ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳалар ҳам чуқур ўрганилди. Жумладан, 51-сон оилавий поликлиниканинг Шўррабод маҳалласида жойлашган филиали учун замонавий бино қуриш лойиҳаси, шунингдек Қорахожи маҳалласи Деҳқонобод қишлоғидаги Илонли сув ариғини 4 километр масофада бетонлаштириш ташаббуси таҳлил қилинди. Ушбу лойиҳаларнинг аҳоли турмуш фаровонлигига таъсири атрофлича кўриб чиқилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ташриф давомида тумандаги “Мурувват” уйида ҳам бўлиб, у ерда яшовчилар ҳолидан хабар олди. Уларнинг яшаш шароитлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш даражаси ўрганилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Ўрганишлар Олот туманида ҳам давом эттирилди. Бу ерда депутатлар “Наврўз” ва “Ёш ботир” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Айниқса, “Ташаббусли бюджет” доирасида илгари сурилган, аммо ғолиб бўлмаган лойиҳалар яна бир бор кўриб чиқилди. Хусусан, Наврўз маҳалласида жойлашган 28-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида замонавий, усти ёпиқ сунъий қопламали футбол майдончаси қуриш ҳамда Ғанчи Чандир маҳалласи ички йўлларида пиёдалар йўлагини барпо этиш ташаббуслари атрофлича таҳлил қилинди.

Ёш ботир маҳалласида ташкил этилган очиқ мулоқот эса аҳолини қийнаётган муаммоларни эшитиш ва жойида ҳал этиш имконини берди. Фуқаролар томонидан билдирилган айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, яна айрим тизимли муаммолар тегишли тартибда умумлаштирилиб, уларга ечим топиш бўйича масъул ташкилотларга йўналтирилди.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳожимурод Бектошев хонадонига бориб, унинг ҳолидан хабар олинди, самимий суҳбат қурилди.
Умуман олганда, мазкур ўрганишлар маҳаллалардаги муаммоларни аниқлаш, аҳоли билан очиқ мулоқот ўрнатиш ва уларни бартараф этишга қаратилган амалий ишлардан бири бўлди
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири