"Милан-Кортина-2026" XIV қишки Паралимпия ўйинларига иккита йўлланма қўлга киритилди
Ўтган йили барча соҳаларда бўлгани каби спортда ҳам юксак натижаларга эришилди. Айниқса, пара спортчиларимизнинг кўрсатган иродаси тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллади. Жорий йилда ҳам яратилган имкониятлар ва қаратилаётган эътибор туфайли улкан марралар кўзланган. Қувонарлиси шундаки, бу йўлдаги илк қадамлар аллақачон қўйила бошланди.
Пара тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари — Юлдуз Маҳмудова ҳамда Фирдавс Худоятовлар жорий йилнинг 6-15 март кунлари Италиянинг Милан ва Кортина-дъАмпетсо шаҳарларида бўлиб ўтадиган XIV Қишки Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси XIV Қишки Паралимпия ўйинларига 2 та йўлланмага эга бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, иродали спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг муҳим қишки стартида гигант-слалом дастурида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Шербек Исломов, ЎзА