АҚШнинг 39-Президенти Жимми Картер 100 ёшида вафот этди, деб хабар берди "The Washington Post" унинг ўғли Жеймс Картерга таяниб. Маълумотни Картер маркази ҳам тасдиқлаган.
Президент Жо Байден машҳур сиёсатчи хотирасига 9 январни миллий мотам куни, деб эълон қилди.
Ҳарбий-денгиз кучлари зобити Жимми Жоржия штати губернатори, сенатор сифатида 1976 йил номзодини Демократик партиядан давлат раҳбарлигига қўйган. Ўша сайловда у республикачи Жеральд Форд устидан ғалаба қозонди.
Картернинг 1977-81 йиллар оралиғидаги етакчилиги даврида мамлакат қатор кўнгилсиз воқеаларни бошдан кечирди. Хусусан, Три-Майл-Айленд атом электростанциясида ядровий авария содир бўлди, Теҳронда эгаллаб олинган АҚШ элчихонасига махсус топшириқлар бажарувчи отряд уюштирган ҳужум муваффақиятсиз якунланди. Инфляциянинг ХХ асрдаги энг юқори даражаси қайд этилди. Айни пайт у халқаро сиёсатдаги кўплаб ижобий натижалари билан ҳам ёдда қолган. Масалан, Панама канали назоратини шу номли давлатга бериш бўйича келишувга эришган. Гарчи, Республикачилар партияси томонидан кескин танқидга учраса-да, Лотин Америкаси мамлакатлари билан алоқаларни сезиларли даражада яхшилаган. Собиқ Совет Иттифоқи билан стратегик қуролларни чеклашга оид битим имзолаган. 1978 йил Исроил ва Миср ўртасида тарихий тинчлик шартномаси тузилишида фаоллик кўрсатган.

Марҳум собиқ Президент муқобил энергетика лойиҳаларини олға сура бошлаган АҚШнинг илк етакчиси ҳисобланади. Жануб вакили бўлган Жимми миллий озчилик ҳуқуқларини қўллаган, ўзаро тенглик, ирқий интеграция ғояларини ёқлаган, аксил дискриминацион хусусиятга эга қонун лойиҳалари ва ташаббусларни илгари сурган.
1980 йилдаги сайловда Рональд Рейганга ютқазган Картер демократик ва гуманитар қадриятларни олға суриш билан шуғулланган жамғармага асос солган. 2002 йил можароларни тинч йўл билан бартараф этиш ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун Тинчлик йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлди.
2020 йил Жимми Картернинг ҳаёти ҳақида китоб ёзган Жонатан Альтернинг фикрича, кексалик сабаб собиқ раҳбар жамоатчилик эътиборидан четда бўлса-да, турли соҳаларда фаолиятини давом эттирган.
– У воқеаларни диққат билан кузатади, имкон қадар ёзма муносабат билдиради, ўзи муҳим деб билган қадриятларни ҳимоя қилади, – деб ёзган муаллиф.

Ўтган асрнинг 80-йиллари Жоржияда асос солинган, айни пайт Александр Пейж бошқараётган Картер маркази дракункулёз каби тропик ва бошқа турли касалликларга қарши курашади, дунё миқёсида тинчликни тарғиб қилади. Марказ 100 дан ортиқ давлатда сайловларни кузатган, зиддиятларни ҳал қилишга кўмаклашган.
Дарвоқе, Жиммининг турмуш ўртоғи Розалин Картер 2023 йил ноябрда, 97 ёшида вафот этди.
Сўнгги йилларда собиқ Президент саратон касаллигидан азият чекди. 2023 йилга келиб, даволанишдан бош тортди ва умрининг қолган қисмини оила қуршовида ўтказишга қарор қилди. 2024 йил 1 октябрь куни 100 ёшини нишонлаган Жимми Картер АҚШ тарихида энг узоқ умр кўрган президентдир.
М.Пирматова, ЎзА