Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6 фоиз ўсади
Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботи январь ойидаги нашрига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар топ-3 талигига киради.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6 фоиз ўсади ва Қирғизистон (6,5 фоиз) ҳамда Тожикистон (6,2 фоиз) билан бир қаторда Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги 22 та ривожланаётган иқтисодиёт орасида етакчи учталикдан жой олади.

ЕМО минтақасида 2026 йилда ўртача иқтисодий ўсиш суръати 2,4 фоиз даражасида сақланиши кутилмоқда.
Жаҳон банкининг таъкидлашича, барқарор ички талаб, инфляциянинг пасайиши, молиявий шартларнинг яхшиланиши, ЕИ маблағларини самарали ўзлаштириш ва мудофаа харажатларининг ошиши иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Марказий Осиё ЕМО субминтақаси энг юқори ўсиш суръатларини кўрсатиб келмоқда. 2025 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг умумий ЯИМ ўсиши 6,2 фоизни ташкил этди. 2026 йилда ўсиш суръати эса тахминан 5 фоизга секинлашиши кутилмоқда.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, Россияда иқтисодий секинлашув пул ўтказмаларининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Юқори олтин нархлари иқтисодий фаолликни кучайтиради ва Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ЯИМ ўсиши бўйича минтақада энг тез ўсувчи иқтисодиётлардан бири бўлиб қолади. Қозоғистонда нефть қазиб олиш ва жаҳон нархларининг пасайиши иқтисодий ўсишни 4,5 фоизгача секинлаштириши мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА