Ўзбекистон суверен облигациялари 12,25 фоиз ставкада жаҳон бозорига чиқарилди
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ўзининг энг йирик миллий валютадаги суверен халқаро облигацияларини жаҳон молия бозорларида тарихий энг паст фоиз ставкада (12,25%) муваффақиятли жойлаштирди. Бу амалиёт умумий 1 миллиард АҚШ долларига тенг эквивалентда амалга оширилди.
Миллий валютада чиқарилган 3 йиллик облигациялар бўйича фоиз ставкаси 2024 йилда 16,625 фоиз (3 трлн. сўм) ва 2025 йилда 15,5% (6 трлн. сўм) ташкил этган.
1 апрель куни АҚШ, Европа, Буюк Британия, Осиё ва Яқин Шарқдан 32 та йирик халқаро инвестор иштирокидаги глобал аудиоконференцияда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар, ислоҳотлар натижалари, макроиқтисодий вазият ва келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятга қарамай, Ўзбекистонда барқарорлик ва изчил ислоҳотлар туфайли суверен кредит рейтинги яхшиланиб бораётгани ижобий баҳоланди.
Халқаро инвесторлар қизиқишини ҳисобга олган ҳолда, сўмдаги суверен халқаро облигациялар учун шу кунда 50 га яқин хорижий инвестордан 24,3 триллион сўмлик буюртма келиб тушди. Бу 12,5 фоиз даражасидаги келишувларнинг натижаси.
Бу жараёнда 1 миллиард доллар эквивалентдаги 3 йиллик суверен халқаро облигациялар 12,25 фоиз ставкасида жойлаштирилди. Бу ички молия бозорига нисбатан ўртача 14 базис пункт пастдир.
Ўзбекистоннинг ушбу суверен халқаро облигациялари Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида сўнгги 15 йил ичидаги энг йирик миллий валютадаги транзакция сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, облигациялар “GBI - EM” (The Government Bond – Emerging Market Index) индексга киритилиши режалаштирилмоқда. Бу янги инвесторларни жалб этиш ва келгусида фоиз ставкаларини янада пасайтириш имконини беради.
Халқаро облигациялар жойлаштиришдан тушган маблағлар 2025 йил 25 декабрдаги “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига асосан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга йўналтирилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА