Юртимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўла намоён этиши ва иқтисодий жараёнлардаги иштирокига кенг йўл очишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи Гулистон шаҳридаги “Фаровон” мажмуасида юқори савияда ташкил этилди.
Тадбир O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ўтди. Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан сараланган 11 нафар тадбиркор аёл ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари, вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлар ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этишди.
Танловда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг депутати, сенатор, Гулистон шаҳридаги “Ҳалима Худойбердиева” номидаги ижод мактаби директори Покиза Аҳмаджанова сўз олиб, хотин-қизларнинг юртимиз тараққиётидаги ўрни, тадбиркор аёллар учун яратилаётган кенг имкониятлар борасида гапирди ва барча иштирокчиларга омад тилади.

Қатнашчилар танлов давомида ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш этдилар. Улар турли йўналишлардаги ўз лойиҳалари билан ҳакамлар ҳайъатини таништиришди.

Танлов натижаларига кўра, Гулистон туманидаги кўп тармоқли “Барлос” фермер хўжалиги раҳбари Дилшода Юсупова биринчи ўринга сазовор бўлди. Заргар Раъно Азимбоева иккинчи, учинчи ўринни эса тадбиркор Шодиёна Раимова эгаллади.

Ғолиб ва иштирокчиларга диплом ҳамда O‘zLiDeP томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири