Хитойнинг Трампга жавоби: Биз урушни хоҳламаймиз ва қўрқмаймиз ҳам
Хитой АҚШ Президентининг ХХР маҳсулотларига 100 фоизлик тариф жорий этиш таҳдидига жавобан кескин баёнот берди. Яъни, Пекин Вашингтонга “таҳдид эмас, музокара йўлини танлаш”ни тавсия қилди.
– Биз савдо урушини хоҳламаймиз, – дейилган Савдо вазирлиги эълон қилган расмий баёнотда. – Бинобарин, бундай рақобатдан қўрқмаймиз ҳам.
Маълумки, икки кун олдин Трамп ХХР ноёб металларига нисбатан ноябрь бошида кучга кирадиган янги тариф юзасидан огоҳлантириш берганди. Мазкур минераллар смартфондан қуролгача – кўплаб юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.
Пекин АҚШни “юқори тариф таҳдиди билан ўзаро муносабатни бузишда” айблади ва зарур бўлса, “ўз манфаатини қатъий ҳимоя қилиши”ни билдирди.

Икки давлат ўртасидаги бу "сўз жанги" режалаштирилган Трамп – Си Цзиньпин учрашувини хавф остига қўйиши мумкин. Ўзаро савдо уруши доирасида ҳар икки томон аввал ҳам бир-бирига 100 фоизгача бож белгилаган эди.
Бугунги кунда Хитой дунё бўйлаб ноёб металл соҳасида қазиб олишнинг 70, қайта ишлашнинг 90 фоизини назорат қилади. Шу боис соҳа Пекин учун стратегик қурол сифатида баҳоланади.
Трамп маъмурияти эса Хитойни “тажовузкор савдо сиёсати юритиш” ва “глобал етказиб бериш занжирини назорат қилиш”да айбламоқда. Табиийки, ХХР ўз позициясини ҳимоя қилиб, ҳарбий мақсадда фойдаланилмайдиган экспорт учун лицензия берилишини таъкидламоқда.
Навбатдаги можаро икки йирик иқтисодиёт рақобатининг навбатдаги босқичи сифатида қабул қилиняпти — ҳар икки томон глобал савдо тизимидаги устунлигини сақлаб қолишга уринмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА