Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу боис мазкур ҳудудларда юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Тоқаев Туркистонни Яқин Шарқ тинчлик музокаралари ўтказиладиган жой сифатида таклиф қилмоқда
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилиш учун музокаралар зарурлигини таъкидлаб, Туркистон шаҳрини томонлар учун мулоқот майдони сифатида таклиф қилди.
Тоқаев бу баёнотларни Туркистон минтақасига ташрифи чоғида айтиб, бутун дунё бўйлаб зиддиятларнинг, жумладан, Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги низонинг кучайиши глобал барқарорликка ва тўқнашувларда бевосита иштирок этмаган мамлакатлар учун савдо шароитларига путур етказаётганидан огоҳлантирди.
Унинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги вазият жуда муҳим нуқтага етган ва Эрон, АҚШ ёки Исроил томонидан вазиятнинг янада кучайиши томонларнинг ҳеч бирига фойда келтирмайди.
Президент Қозоғистон можарода воситачилик қилишга интилмаслигини, аммо музокаралар учун нейтрал жой сифатида ўз ҳудудини таклиф қилишга тайёрлигини айтди.
Туркистонни танлаш унинг географик ва рамзий аҳамиятига асосланган. Шаҳар Марказий Осиёнинг маънавий марказларидан бири ва муҳим зиёратгоҳ ҳисобланади. Бу ерда таниқли сўфий шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси жойлашган. Шаҳарнинг тарихий мероси ва диний аҳамияти уни тинчлик музокаралари учун нейтрал ва рамзий жиҳатдан муҳим жойга айлантиради.
Остона илгари Сурия бўйича халқаро музокараларга мезбонлик қилган ва қарама-қарши кучлар ўртасида мулоқот ўтказиш жойи сифатида обрў қозонишга интилган. Экспертлар фикрича, пойтахт ўрнига Туркистонни мулоқот жойи сифатида таклиф қилиниши ташаббуснинг ҳам рамзий, ҳам сиёсий бетарафлигини ифодалайди.
Хитой Туркманистон билан иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамламоқчи
ХХР Раиси Си Цзиньпин Туркманистон билан табиий газ, савдо ва инвестициялар соҳаларида ҳамкорликни янада кучайтирмоқчи.
Си Цзиньпин бу баёнотларни Хитойга ташриф билан келган Туркманистон миллий етакчиси ва Халқ маслаҳати (Халқ кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар чоғида айтди. У шунингдек, Лубан устахоналари, анъанавий хитой тиббиёти марказлари ва маданий алмашинувлар каби лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашишга, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хитой-Марказий Осиё механизми каби кўп томонлама платформаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Бердимуҳамедов Хитойга Туркманистоннинг бетарафлик мақомини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдириб, Си Цзиньпиннинг глобал ташаббусларини юқори баҳолади.
Тожикистон БМТнинг кибержиноятчиликка қарши конвенциясини имзолади
Тожикистон БМТ бош қароргоҳида бўлиб ўтган расмий маросимда БМТнинг кибержиноятчиликка қарши конвенциясини имзолади, деб хабар бермоқда “Ховар” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, ҳужжат Тожикистон номидан мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Жонибек Ҳикмат томонидан имзоланган.
Хабарга кўра, бугунги кунга қадар 75 та давлат ушбу шартномани имзолаган.
Қирғизистон Хитойга маккажўхори экспорт қила бошлади
Қирғиз Республикаси биринчи марта Хитойга маккажўхори экспорт қилди, деб хабар берди ўлканинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Оғирлиги 25 тонна бўлган дастлабки партия 16 март куни “Зиябидин Ата” фермер хўжалиги томонидан ХХРга жўнатилди.
Вазирликнинг маълум қилишича, маккажўхори жўнатилиши Қирғиз Республикасидан Хитой Халқ Республикасига экспорт қилинадиган маккажўхори учун фитосанитария талаблари тўғрисидаги протоколни амалга ошириш орқали амалга оширилган. Бу протокол Қирғиз Республикаси Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Божхона бош бошқармаси ўртасида 2022 йил 15-сентябрда имзоланган.
Бугунги кунга қадар иккита маҳаллий компания Хитойга маккажўхори экспорт қилиш учун рухсат олган.
Гўзал Сатторова, ЎзА