Харидорга чек берилмаслик қимматга тушиши мумкин
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан “Марказий деҳқон бозори”да тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR-код ёки фискал белги асосида савдони йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни олдини олиш мақсадида бозор ҳудудида онлайн назорат касса машинасини етказиб берувчи тадбиркорларнинг шохобчаси ташкил этилганлиги қайд этилди.
Ташкил этилган шохобча орқали бозор ҳудудида фаолият олиб бораётган 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига тезкорлик билан ушбу назорат техникаларини етказиб бериш йўлга қўйилди.
Учрашувда вилоят давлат солиқ бошқармаси масъуллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлик субъекти вакилларига берилган имтиёз ва енгилликларни батафсил тушунтириб беришди.
Учрашувда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бизнес учун улкан имкониятлар яратилаётганига қарамай, мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг улуши ҳамон юқори даражада сақланиб қолинаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъуллари давлат солиқ органлари базасида назорат касса машинаси бўла туриб уни ишлатмаётган ва харидорларга харид чекини беришни рад этаётган тадбиркорлик субъектлари ҳақида етарлича маълумот борлигига урғу беришди. Йўл қўйилган хатоларни қайта такрорлайдиган тадбиркорлик субъектларига эндиликда қонуний тартибда таъсир чоралари кўрилиши мумкинлигини билдирилди.
Тадбирда “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол!” акцияси ва унинг яширин иқтисодиётга қарши курашдаги ўрнига алоҳида урғу берилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари тадбиркорларга мурожаат қилиб, харидорларга харид чекини бериш зарурлигини яна бир бор эслатиб қўйишди. Уларни харид чекини бермаслик ёки фуқаролар томонидан талаб қилинган харид чекини беришдан бош тортиш ҳолатлари юзасидан “Soliq hamkor” мобил иловаси орқали келиб тушган мурожаатлар давлат солиқ органлари томонидан солиқ текшируви ўтказилишига асос бўлиши ҳақида огоҳлантиришди.
Мазкур тадбир доирасида бозорда онлайн назорат касса машинасини етказиб берувчи тадбиркорларнинг шохобчаси ҳам ташкил этилди. Тадбиркорларга тезкорлик билан ушбу назорат техникаларини етказиб бериш йўлга қўйилди.
Тадбир давомида давлат солиқ органлари ходимлари бозор ҳудудига ташриф буюрган харидорларга “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол!” акцияси билан боғлиқ тарғибот материалларини тарқатишди. Уларга ютуқли ўйин ҳақида кенгроқ маълумотлар берилди.
– “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол!” акцияси бу биз учун катта янгилик, – дейди фуқаро Маъруф Жўраев. – Илгари тўғриси шу оддийгина чек нимани ҳал қилади деб уни олмасдим. Билишимча, ютуқли чек ўйинида қандайдир совға ютиб олмасам ҳам давлатимизнинг иқтисодий таянчи ҳисобланган солиқларнинг бюджетга тўлиқ тушушини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшар эканман.