Термиздаги Халқаро транспорт-логистика хабига БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Глобал таъминот тармоғи мақомини беришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТ ваколатхонаси, Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг ҳудудий офиси ва унинг Афғонистон бўлими вакиллари, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Чегара қўшинлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистондаги махсус вакили И.Иргашев, БМТ ваколатхонасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси А. Мелибоев, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси(UNAMA)нинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари И. Ратватте, БМТнинг доимий мувофиқлаштирувчиси С.Махл, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Д.Липкану давлатимиз раҳбари кейинги йилларда БМТ ва турли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг Афғонистон ҳамда бошқа мамлакатларга гуманитар ёрдамини марказлашган, тизимли, мақсадли етказилишини таъминлаш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ён қўшни мамлакат билан чегарадош ҳудудида халқаро юк ташишларда кенг қамровли транспорт-логистика хизматини кўрсатиш учун етарли замонавий инфратузилмага эга “Termez Cargo Centre” масъулияти чекланган жамиятининг Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби Афғонистон ва бошқа давлатларга тегишли тартибдаги гуманитар ёрдамни кўрсатишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Хабдан гуманитар ёрдам кўрсатиш учун фойдаланаётган манфаатдор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлат вакилларига барча шароит яратилган. Унинг БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Глобал таъминот тармоғига киритилиши бу борадаги ишларни янада самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Кения, Гана, Камерун, Дания, Панама давлатларида еттита Глобал таъминот тармоғи фаолият юритмоқда. Мазкур халқаро тармоқлар орқали ҳар йили сайёрамизнинг турли мамлакатларига беғараз ёрдам ва фавқулодда юз берган ҳолатларни бартараф этиш учун 500 миллион доллардан ортиқ дори-дармон, чодир, одеял, ошхона анжомлари сингари яшаш учун энг зарур воситалар етказиб берилмоқда.
[gallery-21676]
Жаҳонда юз бераётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон жанубидаги Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабига дунёнинг саккизинчи йирик таъминот тармоғи мақоми берилгани бундай кўмакка эҳтиёж сезадиган инсонлар учун захира яратиш ва зарур бўлганда тезкор етказиб беришда муҳим омил бўлади.
Тантанали маросим якунида тадбир қатнашчилари БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Глобал таъминот тармоғи омборида яратилган замонавий шароит ва қулайликлар билан танишди. Ҳудудга ўрнатилган қуёш панелларини кўздан кечирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири