Наманганда илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди
Наманган вилояти тиббиёти тарихида илк бор жигар кўчириб ўтказиш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Мазкур амалиёт Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган вилояти филиалида Миллий тиббиёт маркази трансплантология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Аъзамжон Бобожонов бошчилигидаги малакали шифокорлар гуруҳи томонидан амалга оширилди.
Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи 40 ёшли беморга жигар циррозининг декомпенсация босқичи ташхиси қўйилган. Беморнинг саломатлигини тиклаш мақсадида жигар трансплантациясини ўтказиш зарурати юзага келган. Унинг синглиси донор бўлишга розилик билдириб, жигарининг бир қисмини беришга қарор қилган.
Шифокорларнинг юқори малакаси, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва саъй-ҳаракатлари натижасида мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.
Эътиборлиси, операция билан боғлиқ барча харажатлар “Вақф” фонди маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланиб, беморга тиббий ёрдам бепул кўрсатилди.
Мазкур жарроҳлик амалиётининг вилоятда илк бор ўтказилгани ҳудудда юқори технологик тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, мураккаб операцияларни маҳаллий тиббиёт муассасаларида амалга ошириш борасида муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32250]
Бу каби тиббий амалиётлар ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам имкониятларини янада кенгайтириш, аҳолининг замонавий даволаш усулларидан фойдаланиши учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА