Энергия тежамкор уйлар эҳтиёжманд оилалар фаровонлигига хизмат қилади
Қарор ва ижро
Охирги йиллар мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ислоҳотлар туфайли ҳудудларда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларни аксарият ҳолларда оила аъзолари парваришлайди. Болаликдан ногиронлиги бўлганларга эса асосан онаси қарайди. Шунинг учун бундай оилаларда турли сабаблар билан молиявий ёрдамга доим муҳтожлик сезилади.

Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги "2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, “Ижтимоий реестр”га киритилган, давлат таъминоти тоифасидаги меҳнатга лаёқатсиз, I гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар хонадонларини энергия тежамкор ҳолатга келтириш ишлари йўлга қўйилди. Ушбу ташаббус нафақат уй-жой шароитларини яхшилаш, балки энергия сарфини камайтириш орқали оилаларнинг кундалик харажатларини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида ҳам мазкур қарор асосида жами 107 та оила хонадонини энергия тежамкор ҳолатга келтириш бўйича ишлар бошланган. Мутахассислар томонидан уйларнинг иссиқликни сақлаш имкониятлари яхшиланиб, замонавий энергия тежовчи технологиялар жорий этилмоқда.
Хусусан, Чирчиқ шаҳри Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс Чагай Евгений хонадонида ҳам ушбу дастур доирасида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Бу ерда яшаш шароитини яхшилаш, иссиқлик йўқотилишини камайтириш ва қулай муҳит яратиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Бундай эзгу ташаббуслар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, айниқса, имконияти чекланган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароити яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энергия тежамкор уйлар эса нафақат иқтисодий самарадорлик, балки инсон қадри ва эътиборининг амалий ифодасидир.

Ҳудудларда бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Асосий мақсад аҳолига қулайлик яратиш ва яхши ҳаёт кечиришига эришишдир.
А.Мусаев, ЎзА