Самарқанд вилояти ҳокимлигига тушган мурожаатларнинг 28 фоизи ижобий ҳал этилган
Жорий йилнинг ўн ойида Самарқанд вилояти ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан 16 минг 216 та мурожаат келиб тушган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга камайган.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Азизбек Бўрибоевнинг қайд этишича, мурожаатларнинг 7157 таси Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали, 5535 таси “Ишонч телефони”дан, 1339 таси фуқаролардан тўғридан-тўғри келиб тушган. Бундан ташқари, вилоят ҳокими ва ўринбосарларининг ҳудудларда ўтказган сайёр қабуллари ва шахсий қабулларида 2220 та мурожаат қайд этилган. Шунингдек, ҳокимликка ижтимоий тармоқлар орқали ҳам 3100 дан ортиқ мурожаат йўлланган.
– Таҳлиллар ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам, уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш, йўл қурилиши ва транспорт, тиббий-ижтимоий муассасаларда даволаниш учун йўлланмалар масалаларидаги мурожаатлар кўплигини кўрсатмоқда, – дейди А.Бўрибоев. – Шундан келиб чиқиб, нафақат мурожаатларни ижобий ҳал этиш, балки бу каби масалаларнинг сабабларини чуқур ўрганиш, тегишли соҳалар ишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мурожаатлар кўп қайд этилган ҳудудларда ва соҳалар бўйича вилоят ҳокими ва сектор раҳбарларининг қабулларини ташкил этиш режалаштирилди.
Шу пайтгача ҳокимликка тушган 16 мингдан ортиқ мурожаатнинг 4612 таси (28 фоизи) ижобий ҳал этилган, 9493 таси (59 фоизи) бўйича муаллифларга асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 182 та масала қонунчиликда белгиланган тартибда кўрмасдан қолдирилди, рад этилди.
Мурожаатларни кўриб чиқишда муддат бузилишига йўл қўйган ва юзаки ёндашган 24 нафар масъул ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири