Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
Қирғизистон виза тартибини соддалаштирди
Қирғизистон виза сиёсатига ўзгариш киритиб, бир неча, жумладан сайёҳлик ва ишбилармонлик тоифаларини бекор қилди ва соддалаштирилган “Сапар визаси” тизимини жорий этди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ матбуот хизмати баёнот берди.

Бу турдаги виза электрон портал орқали 24 соат ичида берилади ва бир ёки бир неча марта кириб, жами 90 кунгача қолиш имконини беради. Янги тартиб шахсий мақсадда келган чет элликлар – сайёҳлар, тадбиркорлар учун мўлжалланган.
2025 йил 22 январдан кучга кирадиган “Сапар визаси” сайёҳлар ва инвесторларни кўпроқ жалб қилиш, қоғозбозликка барҳам бериш ва иқтисодиётни рағбатлантиришга қаратилган.
Туркиянинг “Fergani Space” компанияси илк сунъий йўлдошини учирди

Туркиянинг “Fergani Space” компанияси “FGN-100-d1” русумли ўзининг дастлабки сунъий йўлдошини АҚШдаги Ванденберг ҳаво кучлари базасидан “SpаcеХ” компаниясига қарашли “Falcon9” ракетасида коинотга йўналтирди. Йўлдош орбитага 131 турдаги фойдали юкни олиб чиққан.
Компания бош директори Селжук Байрактар “ТRТ Hаbеr” телеканали орқали ФГН-100-д1 “Fergani Space” томонидан ишлаб чиқилаётган глобал жойлашишни аниқлаш тизимининг бир қисми бўлишини айтди.
Масъуд Пезешкиён: Эрон ядро қуроли яратишга интилмаяпти

– Эрон ядровий қурол чиқаришни хоҳламайди, бироқ бизни бомба яратишга интилишда айблашмоқда, – деди Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШнинг “NBC News” телеканалига берган интервьюсида.
2015 йил Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон имзолаган ядровий битим ядро дастурини чеклаш эвазига форс давлатига нисбатан қўлланган санкция юмшатилишини кўзда тутган. Дональд Трампнинг аввалги президентлиги даври – 2018 йил май ойида Америка ушбу келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши чекловни қайта жорий қилди. Бунга жавобан Эрон ҳужжатда белгиланган мажбуриятини босқичма-босқич камайтириш, хусусан ядровий тадқиқот ўтказиш ва уранни бойитиш даражасини чеклашдан воз кечишини эълон қилган.
Халқаро суди раиси истеъфога чиқди

БМТ таркибидаги Халқаро суд раиси лавозимини тарк этди.
“Халқаро суд раҳбари Навоф Салом 2025 йил 14 январдан эътиборан Суд аъзоси лавозимидан истеъфога чиқди, – дейилган тузилма сешанба куни эълон қилган баёнотда.
Қайд этилишича, Саломнинг ваколати 2027 йил 5 февралгача амалда эди.
Душанба куни Ливан Президенти Жозеф Аун Навоф Саломга янги ҳукуматни шакллантиришни буюрди. Парламент маслаҳатлашувида 128 депутатдан 85 нафари уни қўллаб-қувватлаган.
АҚШ ва Арманистон стратегик ҳамкорлик комиссиясини тузади

Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтонда стратегик шериклик бўйича қўшма комиссия тузиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Маросим ижтимоий тармоқ орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
“Ҳужжат иқтисодий ва энергетика алоқаларини кучайтириш, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, инновация ва юқори технологияларни илгари суриш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш каби кенг кўламли соҳаларни қамраб олган”, – деди келишув ҳақида арманистонлик мулозим.
АҚШ Тайванга қурол етказиб беришни тезлаштиради

Сайланган Президент Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц чоршанба куни Қўшма Штатлар буюртмалар бўйича ҳали ишлатилмаган 20 миллиард доллардан тезроқ фойдаланишни режалаштирмоқда, деди.
“20 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги буюртма учун бизга пул тўланган ва биз зиммамиздаги вазифани бажариш учун жадал ҳаракат қилишимиз керак”, деди у маъмурият алмашинувига бағишланган маросимда сўзга чиқиб. Таъкидланишича, тадбирда амалдаги Президент Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам қатнашган.
Американинг Като институти таҳлил маркази маълумотига кўра, Тайвань томонидан берилган, ҳали бажарилмаган буюртмаларнинг қиймати 2024 йил декабрь ҳолатига қарийб 22 миллиард долларни ташкил этган.
ЕИ Грузиядаги мухолиф ОАВ ва ноҳукумат ташкилотларига
маблағ ажратади

Европа Иттифоқининг кенгайиш бўйича комиссари Марта Кос Европарламентнинг Ташқи алоқалар қўмитаси йиғилишида сўзга чиқиб, Грузиядаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятлари институтлари қўллаб-қувватланишини билдирди. ЕИ аввал музлатиб қўйилган 100 миллион еврони айни мақсадга йўналтиради. Бу маблағ дастлаб Грузия ҳукумати учун мўлжалланган эди.
Шунингдек, Кос ушбу Кавказ давлати ННТ учун 8,5 миллион евро белгилангани, яқин орада ҳукмрон партия раҳбарияти томонидан тарқатилган нохолис ахборотга қарши қаратилган “алоқа фаолияти” учун қўшимча 7 миллион евро ажратилишини маълум қилди.
Таъкидланишича, январь ойи охиригача ЕИга аъзо давлатлар Тбилиси билан виза келишувини қисман тўхтатиб туриш учун овоз беради.
Украина парламенти ҳарбий ҳолат узайтирилишини қўллаб-қувватлади

Украина парламенти чоршанба куни ялпи сафарбарлик амал қилиш муддатини яна 90 кун, яъни 9 майгача узайтиришни қўллаб-қувватлади, деди Олий Рада депутати Алексей Гончаренко. Бу қарор чоршанба куни маъқулланган эди.
Ушбу давлатда 2022 йил 24 февраль куни ҳарбий ҳолат жорий қилингач, эртасига Президент Владимир Зеленский ялпи сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолаган. Шундан буён айни тартиб бир неча бор узайтирилди.
С.Раҳимов, ЎзА