Ватанимиз тарихидаги 16 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1918 йил (бундан 106 йил олдин) – Москвада Ёш бухороликлар билан Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси мухтор ваколатхонаси вакилларининг Файзулла Хўжаев, Абдулқодир Муҳитдинов, Собиржон Юсупов ва В.А.Троцкийлар иштирок этган йиғилишида Файзулла Хўжаев тайёрлаган қўлланма (дастур) қабул қилинди. Бу кўлланма Ёш бухороликларнинг программаси (дастури) бўлиб, унда Бухородаги ижтимоий тузум ва халқ аҳволи ёритилди. Дастурда Бухородаги амир ҳукуматини ағдариб ташлаш учун ташвиқотчи ходимлар тарбиялаш, Бухоро ва Туркистон халқлари билан яқин алоқа боғлаш, амирга қарши халқ қўзғолонини тайёрлаш ва унга раҳбарлик қилиш, қўзғолончиларни қурол-яроғ билан таъминлаш масалалари кўзда тутилган эди. Ёш бухороликларнинг мақсади – Бухорода демократик халқ республикаси ўрнатиш деб эълон этилди.
1943 йил (бундан 81 йил олдин) – тарихчи олим Рустамбек Шамсутдиновнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий очеркига таяниб ёзишича, 16 ноябрь куни кечаси фашистларнинг “овчи” самолётларидан бири ўғринча учиб келиб фронт газеталаридан бири вагонлари устига ёндирувчи бомбаларни ташлаб ўтди. Шу бомбалардан бири таҳририят ходими Зарифа Шамсиддинованинг кучга, ғайратга тўлган ҳаётини узиб кетди. Шу куни фронт журналистларидан яна 18 киши ҳалок бўлди.
Мирзакалон Исмоилийнинг шу очеркидан маълум бўлишича, фронт газеталари таҳририятлари аксар вақт поезд вагонларида жойлашиб, кўпинча шу поезд билан бирга фронтнинг оловли сўқмоқларидан ўтиб юришган. Зарифа Шамсиддинованинг фожиали тақдири мисолида фронт газеталари ходимларининг ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада ўлим хавфи остида яшаб ишлаганларини билиб олиш мумкин.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтларда ўзбек тилида йигирмага яқин газеталар чиқарилди. Мазкур газеталар ўзбек аскарларига мунтазам етказилган. Бу газеталардаги мақолалар, очерклар, хат-хабарлар ўзбек ҳарбийларининг жанговарлигини, руҳиятини кўтаришга жуда катта таъсир кўрсатди.
1971 йил (бундан 53 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати Тошкентда метрополитен қурилишини бошлаш зарурати ҳақида қарор қабул қилди. Тошкент метрополитени тарихи айнан шу кундан бошланади. Унинг қурилиши 1972 йил январь ойида бошланиб, 1977 йил 6 ноябрда Чилонзор йўлининг тўққизта бекати билан метрополитен ҳаракати очилди.
1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида Ўзбекистонда БМТ ваколатхонасини очиш тўғрисидаги Битим имзоланди.
1994 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
1995 йил (бундан 29 йил олдин) – ЮНЕСКО Бош конференциясининг Парижда ўтказилган 28-сессиясида Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКОнинг 1996–1997 йилларда ўтказадиган тадбирлари рўйхатига киритиш учун бир қатор амалий таклифлар билан чиқди.
Булар жумласига Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллигини нишонлаш, дунё ҳамжамияти илмий кучларини Орол денгизи муаммоларини ҳал қилишга жалб этиш масалалари киради. Ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси ваколатлар бўйича Комиссия аъзоси сифатида сайланди ва ЮНЕСКО Бош қароргоҳи бўйича Комитет таркибига киритилди.
1998 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Бухорий халқаро жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2000 йил (бундан 24 йил олдин) – Марғилонда буюк мутафаккир, Ислом фиқҳининг асосчиларидан бири, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди. Тантаналарда дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан келган уламолар, олимлар, кўпгина давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат арбоблари иштирок этди.
Меҳмонлар Риштон шаҳрига бордилар. Ислом дунёси қонунларининг энг мукаммал тўплами бўлган “Ҳидоя” асари муаллифининг рамзий хоки шу ерга дафн этилган.
Қадимий Марғилонда “Бурҳониддин Марғинонийнинг жаҳон фани ва маданияти ривожидаги роли” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Шаҳар марказида буюк ҳазрат хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаси тантанали равишда очилди.
2011 йил (бундан 13 йил олдин) – Тошкент шаҳрида «Маърифат маркази» мажмуаси очилди. Бу замонавий муҳташам бинодан Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси жой олди.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилоятида Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика термитларга қарши курашиш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади