Ўмоннинг оммабоп “Asdaa Oman” газетасида “Марказий Осиё: жадал ривожланаётган минтақа ва янги уфқлар” сарлавҳали мақола чоп этилди.
Нашрда минтақа давлатларининг инфратузилма, саноат, энергетика ва технологиялар бўйича манфаатлари уйғунлиги, Каспийдан Тянь-Шань тоғларигача бўлган йўлаклар эса бўлажак Евроосиё саноат харитасининг асосига айланаётгани қайд этилган.
Таъкидланишича, минтақанинг етакчи мамлакатларидан бири – Ўзбекистон мисолида Марказий Осиёнинг изчил ривожланаётганини кўриш мумкин. Савдо ва инвестициялар кенгаймоқда, логистика инновациялари жорий этилмоқда. Ўлканинг прагматик очиқ сиёсати барча қўшнилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишга қаратилган.
Маскат босма нашри ёзганидек, Қозоғистон билан эркин савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, Тожикистон билан Абадий дўстлик декларацияси (2022), Туркманистон билан транспорт ва темир йўл шартномалари, Қирғизистон билан 2030 йилгача бўлган стратегик дастур бозорларга шаффофлик имкониятини тақдим этди, ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсишини ва инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Мақола якунида ёзилишича, Марказий Осиё “география”дан “иқтисодиёт”га ўтмоқда, интеграциялашган қоидалар, транспорт йўлаклари, инвестициялар ўсиши ва ҳудудлараро ҳамкорлик форматлари минтақани янги куч марказига айлантирмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА