Адолат барқарорлигини таъминлашга аёл судьялар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда
Олий судда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов аёлларни самимий қутлар экан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиб, муносиб турмуш тарзини яратишга қаратилган улкан ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, хотин-қизлар учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган.

Жумладан, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда юксак билим ва малакага эга оқила аёллар суд тизимида ҳам турли лавозимларда самарали фаолият юритиб, янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Қайд этилганидек, бугунга келиб суд тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг 31 фоизи ҳамда судьяларнинг 15 фоизини хотин-қизлар ташкил қилмоқда. 25 нафар аёл судья суд раиси ва ўринбосари каби раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
6 нафар аёл судья илмий даражага эга бўлса, 25 нафари юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган. Суд фахрийлари, судья ва суд ходимлари орасидан 51 нафар аёл “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Кейинги бир йилда 30 нафар аёл биринчи беш йиллик муддатга судьялик лавозимларига тайинланди, 78 нафар аёл судьяга навбатдаги малака даражалари берилди.

2017 йилда аёл судьяларнинг сони 115 нафарни ташкил қилган бўлса, сўнгги йилларда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу кўрсаткич 245 нафарга етди. Ҳозирда ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш ва суд-ҳуқуқ тизимида гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда аёл судья ва ходимлар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятимизда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
Куни кеча Президентимиз томонидан юксак профессионал маҳоратини намоён этиб, хизмат бурчини ўз касбига садоқат билан бажариб келаётгани учун суд ҳокимиятининг 10 нафар аёл вакили мукофотлангани тарихий воқеа бўлди.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ аёл суд фахрийлари ва судьялар Олий суд раисининг фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бир гуруҳ аёл судьяларга эсдалик совғалари топширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА