Тошкентда ҳарбий бўлинмаларнинг тантанали пиёда юриш маросими ташкил этилди
Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий бўлинмаларининг тантанали пиёда юриш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тантанали юриш Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳудудидан бошланиб, ҳарбий бўлинмалар пойтахтнинг “Паркент” ва “Мустақиллик” кўчалари бўйлаб белгиланган маршрут асосида ҳаракатланди. Маросим давомида соҳибқирон Амир Темурнинг жанговар байроғи баланд кўтарилиб, тарихий мерос ва замонавий ҳарбий салоҳиятнинг узвий уйғунлиги ёрқин намоён этилди, – дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарида.
Сафда замонавий миллий армиямиз ҳарбий хизматчилари билан бир қаторда XIV–XV асрлар ҳарбий либослари ва қурол-аслаҳаларида гавдаланган тарихий жангчилар образлари ҳам иштирок этиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Тантанали юриш давомида пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонлари мазкур жараённи катта қизиқиш билан кузатиб, иштирокчиларни илиқ қарсаклар билан кутиб олди.
Байрам тадбирлари якунида ҳарбий бўлинмалар “Мустақиллик” ва “Темир йўл” кўчалари орқали белгиланган манзилга қайтиб, тантанали юриш маросимини якунлади.
ЎзА