Адабиёт умумхалқ ишининг катта бўлаги бўлиши лозим
Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов номли ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муҳим маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Халқаро адабиёт, санъат, маданият ва ижтимоий фанлар академияси аъзолари иштирок этган ушбу учрашув китобхонликни ривожлантириш, миллий адабиётни кенг тарғиб қилиш ва ёшлар қалбида мутолаага меҳр уйғотиш масалаларига бағишланди.
Тадбир аввалида кутубхона раҳбарияти ва Академия ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат маънавий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш ва замонавий ўзбек адабиётини тизимли тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбирни Шароф Рашидов номли ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Қудратова очиб берди. У марказнинг истиқболдаги режалари, китоб фондини бойитиш, аҳоли, айниқса ёшлар билан ишлашнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича тўхталиб, кутубхона бугун нафақат ахборот маскани, балки маънавият ўчоғига айланаётганини таъкидлади.
Халқаро адабиёт, санъат, маданият ва ижтимоий фанлар академияси президенти Абдулла Менгқобилов ўз нутқида адабиёт миллат тафаккурини шакллантирадиган, унинг маънавий қиёфасини белгилайдиган қудратли куч эканини алоҳида қайд этди. У Академиянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари, илмий-ижодий ташаббуслари ҳамда мамлакатимизда китобхонликни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берди.
[gallery-27711]
Академия вице-президенти, таниқли ёзувчи Нурали Қобул адабиётнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр юритиб, ёш авлодни маърифат орқали юксалтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади. “Адабиёт умумхалқ ишининг катта бўлаги бўлиши лозим” деган фикр орқали у ижод аҳлининг маънавий масъулиятини яна бир бор эслатди. Муаллиф ўз ижодий изланишлари, тарихий асарлар устидаги меҳнати ҳамда бугунги адабий жараён ҳақида ҳам самимий мулоҳазалар билдирди.
Академия вице-президенти Абдуманноп Зияев халқимизнинг бой маданий меросини ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш ҳар бир зиёлининг бурчи эканини қайд этиб, ёшларни аждодлар меросини англаш ва тарихий хотирани асрашга даъват қилди.
Тадбир доирасида қатор ташаббуслар илгари сурилди, китоблар тақдимоти ўтказилди. Академия вакиллари томонидан ахборот-кутубхона маркази фондига қимматли асарлар совға қилиниши эса маърифий ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлди.
Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими раҳбари Иқболой Умаровалар сўзга чиқишиб, китобхонликни оммалаштириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталдилар.
Тадбирнинг бадиий қисми айниқса кўтаринки руҳда кечди. Ёш шоир ва шоиралар ўз шеърларидан намуналар ўқиб, залда ўтирганларга қувонч ва завқ улашдилар. “Очиқ микрофон” шаклида ташкил этилган мулоқотда китобхонлар ва ёш ижодкорлар меҳмонларга саволлар билан мурожаат қилиб, очиқ ва самимий фикр алмашдилар.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари