Ҳар бир инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечириши — жамият бахти ва фароғатидир
Бундан ўн йил аввал муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев кенг қамровли ислоҳотлар ташаббусини илгари сурганида, олдимизда бир қарашда амалга ошиши қийин туюлган довонлар бор эди. Зеро, бу ўзгаришлар тафаккуримиз ва дунёқарашимизни, турмуш тарзимиз ҳамда келажак ҳақидаги тасаввурларимизни янгилашни тақозо этарди.
Тарихнинг мураккаб синовларидан мардона ўтган халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида қатъий ишонч ва пухта режалар билан олға бормоқда. Ўтган давр шуни кўрсатдики, инсонга эътибор қаратилиб, ташаббуслари қўллаб-қувватланса, унинг бунёдкорлик салоҳияти биз тасаввур қилганимиздан ҳам кенгроқ намоён бўлар экан.
Бугунги ютуқлар келгуси марралар учун мустаҳкам замин яратди. Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси ўн йилликни «миллий юксалиш даври» деб эътироф этди. Ушбу нутқда илгари сурилган етти миллий дастур эса мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиёт йўналишларини белгилаб беради.

Айни жараёнда билим ва тафаккурни асосий капиталга айлантириш, соғлом ҳамда узоқ умр кўрадиган авлод, юқори технологияли ва рақабатбардош иқтисодиёт, сув ҳамда экологик барқарорлик, қонун устуворлиги, маҳаллаларни жамият тараққиётининг фаол бўғинига айлантириш Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ҳамда очиқ давлат сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаётбахш дастурлар бир-бирини изчил равишда тўлдиради. Бу борадаги замонавий ёндашувлар мазмун-моҳиятида “инсон манфаатлари”, “инсон қадри” сингари эзгу тамойиллар мужассам эканлиги янада аҳамиятлидир.
Ислоҳотлар натижадорлиги ҳақида гапирганда, соғлиқни сақлаш соҳасини алоҳида эътироф этишимиз лозим. Маърузада қайд этилганидек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ажратилаётган маблағ сўнгги йилларда 8 каррадан зиёд оширилди. Сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти марказда ҳам, ҳудудларда ҳам кенгайиб, жаҳон андозалари даражасидаги муҳташам тиббиёт муассасалари бунёд этилди ҳамда хусусий секторга кенг имконият берилди. Натижада юртимизда тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди, илгари хорижда бажарилган 100 дан ортиқ мураккаб диагностика ва даволаш усуллари йўлга қўйилди.
Бунинг самараси сифатида халқимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етди, гўдаклар ва оналар ўлими 4 баробар камайди.
Тиббиёт ҳақида сўз кетганда, «Ким эдигу ким бўлдик?» деган саволга ўз тажрибамдан жавоб бергим келади. Туман ҳокими бўлиб ишлаган пайтимда марказий шифохонанинг энг зарур эҳтиёжлари учун ҳам маблағ топиш қийин бўлган кунларни яхши эслайман. Бемор ёрдамга муҳтож, аммо даволаш учун зарур шароит йўқ эди, малакали врачлар ҳам етишмасди. Дори дармон йўқ, тез ёрдам машиналари жуда эскирган, ҳатто ёқилғи топиш ҳам муаммо бўлган. Тез ёрдам чақирилса 40 минут -1 соат, узоқ жойларда 2 соат қолиб кетарди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятини бошлаганида илк йиғилишни соғлиқни сақлаш масалаларига бағишлагани бежиз эмас. Ўшанда тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолини сифатли дори-дармон билан таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ислоҳотларнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.

Мамлакатимизда 2026 йилда тиббиёт учун ажратилган маблағ 49 триллион сўмга етди. Бу борада Фарғона вилоятининг ўзига 4 триллион 19 миллиард 445 миллион сўм маблағ йўналтирилди (ушбу маблағ 10 йил аввал 1 триллионга хам етмас эди). Илгари бир беморга бир кунда сарфланадиган дори атиги 500 сўм атрофида ҳисобланган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 30-50 минг сўмгача етди. Ўн йил олдин дори воситаларини электрон тайинлаш тартиби мавжуд бўлмаган. Ҳозирда бу борада электрон тайинлаш йўлга қўйилиб, вилоятдаги 1 210 та – 90 фоиз дорихона мазкур хизмат билан қамраб олинган.
Бу ўзгаришнинг одамлар учун аҳамиятини яна бир мисолда кўриш мумкин. Илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ турдаги юқори технологик амалиёт бугун вилоят ва туманларда ҳам ўтказилмоқда. Қанчадан-қанча оилалар учун бу узоқ йўл, ортиқча харажат ва даволаниш учун кетадиган вақтнинг қисқариши демакдир.
Тез ёрдамдаги ўзгариш ҳам яққол кўзга ташланади. Ҳозирда кунда Фарғона вилоятида 19 та тез тиббий ёрдам станцияси, 54 та кичик станция, 135 та шахобча, ҳаммаси бўлиб 307 та замонавий тез ёрдам бригадаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Тезкорлик ва хизмат сифатини ошириш мақсадида вилоятда ягона САLL маркази ташкил этилди. Оилавий поликлиникалар қошидаги шахобчалар тез ёрдам кўрсатиш вақтини 5 дақиқагача қисқартирди. Биргина Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилояти филиали автопаркида 300 дан ортиқ тез ёрдам автомашиналари хизматга жалб этилган. Маҳаллаларда эса оилавий шифокорнинг касалликни эрта аниқлаш ва оғир асоратларнинг олдини олишдаги ўрни кучайди. Давлат тиббий суғуртаси орқали кафолатланган хизматлар ва дори воситаларининг бюджет ҳисобидан олиш имконияти кенгаймоқда.

Вилоят раҳбари сифатида шахсан мен учун ушбу ислоҳотларнинг энг муҳим мезони оддий: инсон ўз туманида касаллигига қанчалик тез аниқ ва сифатли ташхис қўйдира оляпти? Зарур муолажани олиш учун қанча йўл босиши керак? Оғир аҳволда қолган беморга тез ёрдам ўз вақтида етиб боряптими? Шу маънода, бугун барча масъуллар Фарғонадаги ҳар бир маҳаллада одамлар бу саволларга ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан жавоб бера олиши учун ишлашимиз шарт ва зарур.
Вилоятимизда кейинги йилларда айнан тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, хусусий сектор ва тиббий туризмни фаол қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш борасида эришилаётган натижалар эътиборга молик. Айни пайтда вилоятда 1 370 та тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатаётгани, шундан 998 таси хусусий сектор ҳиссасига тўғри келиши соҳадаги янгиланишлар жараёни нечоғли жадал ва улкан эканлигини англатади.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз тиббиёти илгариги қоғозбозлик, бюрократия, оворагарчиликлардан холи, замонавий рақамлашган тизимга айланиб улгурди, кенг маънода халққа яқинлашди. Вилоятимизда биринчи бўғинда сифатли ва малакали хизмат кўрсатиш имконини яхшилаш мақсадида 147 та оилавий поликлиника, 160 та оилавий шифокор пункти фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида шаҳар-туманлар кесимида 46 та шифохона, 18 та кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда замонавий мезонлар асосида ташкил этилган маслаҳат-диагностика бўлими халқимиз хизматида. Таъкидлаш ўринлики, бу борада сон эмас, сифат, хавфсизлик тамойиллари устувор ҳисобланади.

Бу борада кейинги йилларда вилоят тиббиёт марказлари ва филиалларига замонавий диагностика (КТ, МРТ, рақамли рентген, ультратовуш) жиҳозлари ўрнатилиб, илгари пойтахтда ёки хорижда бажарилган мураккаб кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, ортопедик ҳамда эндоваскуляр жарроҳлик амалиётлари фарғоналик шифокорлар томонидан муваффақиятли бажарилмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоят миқёсида қарийб 14 минг нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Айни йўналишда шаҳар-туманларда 25, вилоят даражасида эса 135 турдаги юқори технологик лапароскопик, торакоскопик ва эндоваскуляр жарроҳлик амалиётлари ҳамда даволаш усуллари амалиётга кенг татбиқ этилди. Натижада беморларнинг пойтахтдаги ихтисослашган марказларга бориши 75 фоиз ҳамда хориждан нажот излаши 40 фоизга камайишига эришилди.

“Электрон соғлиқни сақлаш” тизими доирасида электрон рецепт, мутахассис қабулига онлайн ёзилиш ва беморларнинг электрон тиббий карталарини юритиш тизими босқичма-босқич жорий этиляпти. Айни жараёнда Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг тезкорлиги, шаффофлиги ва сифатини ошириш мақсадида “DMED” ягона тиббий ахборот тизими имкониятларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, вилоят бўйича 4 220 854 нафар аҳолининг 4 миллион нафардан зиёди “DMED” тизимига бириктирилиб, электрон тиббий карта билан қамраб олинди. Бу вилоятда истиқомат қилаётган умумий аҳолининг қарийб 95 фоизини ташкил этади.

Замонавий ёндашув электрон тиббий карта орқали беморнинг шифокорга мурожаати, ташхис, лаборатория ва диагностик текширув натижаси, қабул қилинган даволаш чораси, электрон рецепт ва йўлланмалар бўйича маълумотларни ягона тизимда юритиш имконин беради.
Ўз навбатида давлат тиббиёт муассасаларида дори воситаларини электрон шаклда тайинлаш ва беморларга рецепт бериш жараёни босқичма-босқич электрон кўринишга ўтказилмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида вилоятда электрон тизим орқали 140 мингга яқин рецепт расмийлаштирилган бўлиб, янги тизим асосида хизмат кўрсатиш ҳажми 99,8 фоизни ташкил этди. Ҳозирги кунда хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналарни ҳам тўлиқ электрон рецепт тизимига интеграция қилиш ишлари давом этмоқда.
Аҳолига қулайлик яратиш ва тиббиёт муассасаларидаги навбатларни қисқартириш мақсадида беморларни шифокор ва тор соҳа мутахассислари қабулига электрон тарзда ёзиш ҳамда тиббиёт муассасалари ўртасида электрон йўлланма бериш амалиёти жорий этилаётир. 2026 йилнинг ўтган даврида вилоятда 124 мингта электрон йўлланма шакллантирилди ва шу асосда хизмат кўрсатилди.
Умуман олганда, давр талаби асосида вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларида электрон навбат, лаборатория ахборот тизими (LIS), тиббий тасвирларни сақлаш ва алмашиш (PACS), касса, омбор ва бошқа рақамли модулларни жорий этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Тизимдан тўғри фойдаланиш учун шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида IT мутахассислари фаолияти ташкил этилди. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларининг компьютер техникаси, планшетлар, локал тармоқ ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланиш даражаси яхшиланди.

2025 йили Қува тумани соғлиқни сақлаш тизимини янгича ташкил этиш бўйича республика миқёсидаги 15 та тажриба-синов ҳудудидан бири сифатида танлангани ушбу соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Бу тажриба доирасида бирламчи тиббий хизматни қайта ташкил этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, лаборатория хизматларини марказлаштириш ва соҳага рақамли ечимларни жорий этишга жиддий эътибор қаратилди. Шу мақсадда республика бюджетидан 285 миллиард сўм, бунга қўшимча равишда маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм йўналтирилди.

Шу йилнинг бошида Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилояти филиалида тез тиббий ёрдам ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув-симуляция маркази очилиши бу каби изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Лойиҳа Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси — KOFIH ҳамкорлигида амалга оширилаётган грант дастури доирасида ташкил этилди. Дастурнинг мақсади — Ўзбекистонда шифохонагача бўлган тез тиббий ёрдам хизмати салоҳиятини ошириш.

Хорижда тажриба орттирган юқори малакали ватандошларимизни юртимизга қайтариш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, мураккаб жарроҳлик амалиётларини замонавий технологиялар асосида бажаришни пухта ўзлаштирган 10 нафар етакчи шифокор вилоятимизга қайтиб, иш бошлади.
Улар бугун ана шундай мураккаб операцияларни Фарғонанинг ўзида ўтказиб, юзлаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда. Айни пайтда, хорижда орттирган тажрибасини ҳамкасбларига ўргатиб, вилоятимизда бундай амалиётларни бажара оладиган мутахассислар сафини кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда.
Айни шу ўринда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида йилдан-йилга халқаро ҳамкорлик кўлами ошиб бораётганини айтиб ўтиш ўринлидир. Хусусан, 2025-2026 йилларда Фарғона вилояти ҳокимлиги делегациясининг хорижий сафарлари, вилоят ҳокимлигидаги қабуллар жараёнида халқаро тиббиёт муассасалари, инвестиция компаниялари ҳамда фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари шакллантирилди.
Истиқболли ҳамкорлик кўлами хориждан мутахассис таклиф қилиш ёки шифокорларни малака оширишга юбориш билан чекланиб қолмайди. Бу борада замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш, хусусий клиникалар ташкил этиш, лаборатория-диагностика хизматларини ривожлантириш, гемодиализ марказлари очиш, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда тиббий таълимни халқаро тажриба асосида такомиллаштириш каби йўналишлар қамраб олинган.

Фарғона шаҳрида Саудия Арабистонининг “Vision Invest” компанияси билан ҳамкорликда 800 ўринли ДХШ асосида замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур шифо масканида кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, орган трансплантацияси каби юқори технологияли тиббий хизматларни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида бешта ихтисослаштирилган тиббиёт маркази филиалларини ягона мажмуага бирлаштириш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, шифохона негизида тиббий таълим, илм-фан ва амалиётни бирлаштирувчи “Fergana Plus” кластерини ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Фарғона тиббиётида яқин истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик алоқаларида Саудия Арабистонидан ташқари Жанубий Корея, Германия, Қувайт, Малайзия, Беларусь, Япония, Россия, Хитой, Туркия, Кипр ва АҚШ сингари дунёнинг ўнлаб мамлакатлари билан боғлиқ ташаббуслар борлиги эътиборга сазовордир.

Табиийки, бу каби замонавий қулайликлар муҳайё этилиши вилоятда тиббиёт туризми ривожида муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда вилоятнинг Бешариқ, Қува, Фарғона, Олтиариқ, Сўх туманлари, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида ушбу йўналишда катта имконият ҳамда салоҳият мавжуд.
Ота-боболаримиздан мерос “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул”, деган пурмаъно ибора бугун ҳам ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Бугун эрта тонгда, файзли оқшомда озода ва ораста кўчаларда жисмоний баркамоллик билан машғул бўлган, оилавий сайр қилаётган ҳамюртларни кўрганда ҳавасингиз келади. Ихтисослашган мактаблар, таълим муассасалари ва маҳаллалардаги спорт майдонлари ҳамиша соғлом турмуш тарзи ишқибозлари билан гавжум. Айни йўналишда биргина жорий йилнинг ўтган даврида тегишли масъул идоралар ҳамкорлигида вилоят миқёсида 37 минг маротабадан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилгани ҳамда уларда қарийб 500 минг нафар ҳамюртларимиз қатнашгани беҳад қувонарлидир.
Инсон учун энг катта бойлик — саломатлик. Оиламиз бағрида хотиржам яшаш, ишлаш, фарзандларимиз камолини кўриш, орзу қилган ишларимизни амалга ошириш учун, аввало, соғлиқ керак. Соғлом ҳаёт, соғлом турмуш тарзи, жисмонан ва маънан баркамоллик бахтли ҳамда фаровон яшаш, умрузоқлик омили эканлиги эса барчамизга яхши маълум. Бугун Фарғона вилоятида амалга оширилаётган бу борадаги кенг кўламли ишлар ана шундай эзгу ва хайрли орзулар ижобатига қаратилган.
Бугун тиббиётда ҳаммаси ўзгарди, соҳа учун катта маблағлар ажратиляпти. Бир пайтлар пойтахтга боришни талаб қилган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари Фарғонанинг ўзида бажарилмоқда. Бунинг аҳамиятини фарзандини даволатиш учун узоқ йўлга чиқиш ташвишидан қутулган ота-она, ўз вақтида ташхис қўйилиб, даволанишни бошлаган бемор яхши билади. Тиббиётдаги ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси ҳам шу — одамларимиз зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида, ўз юртида олаётгани ҳамда уни ўзининг ҳаётида яққол кўраётгани.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз етакчисининг энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлолимизнинг 35 йиллиги байрам тантаналаридаги нутқи якунида халқимизга ишонч билан қилган мурожаати бугунги фикр-мулоҳазаларимизга муносиб сўнгги сўз бўлади:
—Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз. Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Хайрулло БОЗОРОВ,
Фарғона вилояти ҳокими,
Олий Мажлис Сенати аъзоси