Яшил тараққиёт сари: Ўзбекистоннинг иқлим барқарорлиги йўлидаги ташаббуслари
Дунё шиддат билан ўзгариб, глобал тараққиёт янги босқичга қадам қўяр экан, бугун инсоният иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги, экотизимлар таназзули ва табиий ресурслар камайиши каби ўткир экологик таҳдидлар қаршисида турибди.
Ҳеч бир мамлакат четда туролмайдиган бундай масъулиятли даврда Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясида илгари сурган ташаббуслари нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг экологик хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи таянчга айланмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида айнан мана шу соғлом ва узоқни кўзлаган ёндашув ётибди. Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб, янги тараққиёт моделини айнан “яшил” технология асосида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда қурмоқда. Иқтисодиёт тармоғида углерод сарфини жадал суръатда камайтириш бўйича эришилган натижалар эса бунинг яққол далилидир.

Хусусан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш борасидаги мақсадини муддатидан олдин бажарди. Бугунги кунга келиб эса 2035 йилга қадар зарарли чиқиндиларни 50 фоизга камайтириш бўйича янги, янада юксак марра белгиланди. Тараққиёт ва табиат қонунлари ўртасида бузилган мувозанатни тиклаш учун “яшил” энергия ҳажмини мунтазам ошириб бориш талаб этилади. Шу боис яқин тўрт йилда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгариши таъсирига энг кўп дучор бўлаётган ҳудудлардан биридир. Музликлар эриши, сув танқислиги ва қурғоқчилик хатарларининг кўлами ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ўз олдига қатъий мажбуриятлар қўйган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли саъй-ҳаракатлар аллақачон ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Сўнгги ўн йил ичида иқтисодиётимизда сув сарфи деярли икки бараварга, табиий ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайди. Қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи илғор технологиялар жорий этилиши натижасида бугунги кунда суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизи ушбу тизим орқали суғорилмоқда.
Бундан ташқари, Орол денгизи фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида чинакам фидойилик намунаси кўрсатилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ўрмонзорлар майдони олти миллион гектарга етказилди. Унинг учдан бир қисми айнан Оролбўйи ҳудудига тўғри келади. Шу билан бирга, келгуси йилдан Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши ва трансчегаравий сув ҳавзаларини бошқаришдек масъулиятли вазифани юқори савияда амалга оширишга тайёрлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Шунингдек, уч миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтириладиган Чиқиндиларни бошқариш стратегиясининг қабул қилиниши экологик тоза муҳит яратишда муҳим қадам бўлди.
Қолаверса, Президентимиз ўз нутқида ёшларнинг экологик тарбиясига алоҳида тўхталиб ўтди. Юртимизнинг ҳар бешинчи фуқароси мактаб ўқувчиси ёки талаба экани ҳисобга олинса, болаларнинг экологик таълими оила, маҳалла ва мактаб фаолияти уйғунлиги асосида йўлга қўйилгани катта аҳамиятга эга. Тизимли экологик таълим-тарбия туфайли 2050 йилга қадар Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатни асраш бўйича пухта билимга эга бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, иқлим муаммоларига ҳеч бир давлат ёлғиз ҳолда ечим топа олмаслигини англаган ҳолда, Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ҳамкорлик учта асосий йўналиш:
– Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида эрта огоҳлантириш ва мониторинг қилиш тизимини яратиш;
– Тупроқни қайта тиклаш ва “Eco Expo” кўргазмасини доимий инвестиция майдонига айлантириш;
– Имтиёзли грантлар ва “мовий”, “арид” молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишдан бошланиши таклиф этилди.
Энг муҳими, юқорида қайд этилган саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимизда қабул қилинган стратегик ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Хусусан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқлим борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам алоҳида йўналиш сифатида устувор вазифа қилиб белгилангани бу борадаги сиёсатнинг нақадар изчил ва пухта ўйланганини кўрсатади.
Стратегияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш давлат сиёсатининг бош бўғини сифатида муҳрлаб қўйилган.
Ушбу стратегик йўналиш доирасида бир қатор устувор вазифалар қатъий белгиланган. Хусусан, саноат чиқиндиларини кескин камайтириш ва замонавий экотехнологияларни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш тармоқларини экологик хавфсиз стандартларга ўтказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологиялар кўламини янада кенгайтириш ҳисобига сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва келажак авлод учун сув захираларини кафолатли сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил давом эттириш ҳамда ҳудудларда яшил майдонлар ва боғларни кўпайтириш орқали урбанизация шароитида экологик мувозанатни барқарор сақлаш мақсад қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракати мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли стратегик мақсадлари билан узвий боғлиқдир. Президентимиз томонидан БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясида илгари сурилган ташаббуслар эса ушбу йўналишдаги миллий ислоҳотларга янги суръат бағишлаш баробарида, Марказий Осиё давлатлари ўртасида экологик ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зеро, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, сув ва ер ресурсларини асраб-авайлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда ёш авлодда экологик маданиятни шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифасигина эмас, балки келажак авлодлар олдидаги муҳим масъулиятдир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА