9 ойлик сарҳисоб: янги конлар, экспорт ва молиявий самара
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2026 йил 9 ойлик натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ташкилот мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев ва бошқалар сўзга чиқиб, жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотлар, геология-қидирув ишлари, углеводород қазиб чиқариш, маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда молиявий-иқтисодий натижалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида геология-қидирув ишлари натижасида 5 та янги углеводород кони очилди. 42 та инвестиция блокида янги конларни аниқлаш ва чуқур қатламларни ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Сейсмик тадқиқотлар ҳажми 2025 йилга нисбатан беш баравар оширилиб, 7 430 км² майдонда 3Д қидирув ўтказилди. Йил охиригача ушбу кўрсаткични 11 900 км² га етказиш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев соҳадаги технологик янгиланишларга тўхталиб, геология-қидирув ишларида тадқиқот чуқурлиги 4 500 метрдан 8 000 метргача оширилаётганини таъкидлади. Бу илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмаган чуқурликдаги янги геологик қатламларни кашф этиш имконини беради.
– Геологик тадқиқотлар ва бурғилаш ишларини ўзаро мувофиқлаштириш янги конларни аниқлаш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, вақт ва молиявий ресурсларни тежашга ҳам хизмат қилади. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 80 та қудуқ бурғиланиб, “Қизилжар”, “Шағирлик” (қуйи юра), “Телегри”, “Гулшанбоғ” ва “Каприн” газ конлари очилди. Мавжуд қудуқларни таъмирлаш ва тиклаш ишлари ҳам давом эттирилди. Жумладан, 114 та қудуқни таъмирлаш ҳисобига кунлик газ қазиб чиқариш қўшимча 4 миллион куб метрга оширилди. Октябрь бошидан эса жамият бўйича кунлик газ қазиб чиқариш яна 1,6 миллион куб метрга кўпайди.
Қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида 78,5 миллион долларлик 35 та кичик компрессор харид қилинмоқда. Шунингдек, янги қудуқлар самарадорлигини ошириш учун қия ва горизонтал бурғилаш технологияларини жорий этиш кўзда тутилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бундай қудуқларда суткалик газ қазиб чиқариш оддий вертикал қудуқларга нисбатан 50-60 фоизгача юқори бўлиши кутилмоқда, – деди С.Ҳамроев.

Матбуот анжуманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва янги маҳсулот турларини ўзлаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида 41,8 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, режа 105,7 фоизга бажарилди. Транспорт ва аҳоли эҳтиёжлари учун 773,5 минг тонна автобензин, 759,7 минг тонна дизель ёқилғиси, 210,6 минг тонна авиакеросин ва 452,7 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди. Шунингдек, саноат учун 135,1 минг тонна олтингугурт ва 101,3 минг тонна полиэтилен гранулалари тайёрланди.
Келгусида республикада илк бор синтетик мой, тозаланган парафин ва чизиқли алкилбензол (ЛАБ) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиш, маҳаллий саноатни хомашё билан таъминлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Қиш мавсумига тайёргарлик доирасида эса нефть базаларида бензин захираси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўп шакллантирилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА