Болалар камбағаллиги қарийб 4 баробар камайди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммитида 100 дан ортиқ давлат вакиллари бир майдонда йиғилди.
Анжуманда болалар саломатлиги, таълими, ижтимоий ҳимояси ва хавфсизлигига инвестицияларни кучайтириш масалалари муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Давлатимиз раҳбари саммит иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президентимизнинг Самарқандда ўтказилган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Халқ демократик партияси аъзоси, депутат ва, энг муҳими, бир она сифатида ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзида болаларимизга чексиз меҳр ва уларнинг тақдири учун чуқур масъулият сезилиб туради.
Таъкидланганидек, ҳар бир бола ҳозирнинг ўзида меҳр, хавфсизлик, сифатли таълим ва зарур тиббий ёрдамга ҳақли. Бу сўзлар партиямизнинг бош ғояси — ижтимоий бирдамлик ва тенг имкониятлар тамойили билан тўлиқ ҳамоҳанг. Боланинг қадри унинг келажакда топадиган даромади билан эмас, инсон сифатидаги бетакрорлиги билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам бола ҳаётининг илк кунларидан бошлаб она саломатлиги, тўғри овқатланиш ва эрта ривожланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эҳтиёжларни ўз вақтида аниқлаб, муҳтож оилаларга ижтимоий ва тиббий ёрдамни манзилли етказиш ҳам шунга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда эришилган натижалар қувонарли: болалар камбағаллиги қарийб 4 баробар камайди, инклюзив мактаблар сони 5 баравар ошди, ногиронлиги бўлган болаларнинг аксарияти таълимга жалб этилди, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг барчаси оилада тарбияланмоқда.
Мурожаатда оғир касалликларни эрта аниқлаш ва болалар онкологияси бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлаш орқали соғлиқни сақлашни янада мустаҳкамлаш вазифаси ҳам қўйилди.
Болаларимиз учун хавфсиз рақамли муҳит яратиш, кибертажовузларга қарши курашиш ва албатта, қарорлар қабул қилинаётганда уларнинг фикрини эшитиш ҳам муҳим йўналишлар ҳисобланади. Самарқанд платформаси эса халқаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун глобал майдон бўлиб хизмат қилади.
ЎзХДП фракцияси аъзоси сифатида бу вазифаларни қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уларнинг ижросини депутатлик назорати остида олиб боришни асосий бурчимиз, деб биламан. Фарзандларимиз соғлом ва хавфсиз улғайиши учун бор кучимизни сарфлаймиз. Чунки ҳар бир бола Ўзбекистонимизнинг эртанги кунидир!
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА