The Times of Central Asia: Трампнинг Марказий Осиёга сафари Ўзбекистондан бошланиши мумкин
Вашингтоннинг Марказий Осиёга эътибори кучаймоқда. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ўзбекистонга келиш истаги ҳақидаги баёнот эса минтақадаги дипломатик рақобатга янги мазмун берди.
Трампнинг махсус вакили Паоло Замполли “Ўзбекистон-24” телеканалига берган интервьюсида АҚШ Президенти Ўзбекистонга боришни хоҳлаётгани билдирилган.
– Бу ҳақда менга шахсан айтди, – деган Замполли.
Қозоғистон ҳам Вашингтон билан мулоқотда шундай ташаббусни илгари сурмоқда. 2025 йил ноябридаги “Марказий Осиё – АҚШ” саммитида Трамп Қозоғистонга бориш эҳтимолини ҳам истисно қилмаган эди. Қолаверса, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев Америка етакчисини ўз давлатларига расмий равишда ҳам таклиф қилган.
Икки давлатнинг Вашингтон учун аҳамияти турлича. Қозоғистон нефть, уран ва муҳим минерал захираси, шунингдек Хитой билан Европани боғловчи Ўрта йўлакдаги ўрни билан ажралиб туради. Локомотив ишлаб чиқариш ва вольфрам конларини ўзлаштириш бўйича йирик келишувлар мавжуд.
Ўзбекистон эса қарийб 39 миллион аҳолиси ва Марказий Осиёнинг барча тўрт давлати билан чегарадошлиги туфайли минтақавий ҳамкорликда муҳим аҳамият касб этади. АҚШ билан иқтисодий алоқамиз тобора кенгаймоқда. “Uzbekistan Airways” 22 та “Boeing 787-9” самолётига буюртма берган. Шериклик муҳим минераллар, сунъий интеллект ва саноат лойиҳаларини ҳам қамраб олмоқда.
Республикамизнинг яна бир устунлиги – тарихий-маданий мерос. Самарқанд ва Бухоро асрлар давомида ислом оламининг илм-фан ва савдо маркази бўлиб келган. Демак, бўлажак ташрифнинг нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки маданий-дипломатик аҳамияти ҳам юқори.
Айни пайт Самарқандда ўтказиладиган “Марказий Осиё – АҚШ” вазирлар учрашувида Давлат котиби Марко Рубио иштирок этиши маълум қилинган. Қўшма Штатларнинг 100 дан зиёд компанияси вакилларини бирлаштириши кутилаётган делегация ташрифи иқтисодий ҳамкорлик кун тартибини янада кенгайтириши шубҳасиз.
Ҳозирча Трампнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифи расман белгиланмаган. Шу боис қайси давлат АҚШнинг амалдаги Президентини биринчи бўлиб қабул қилиши ҳақида хулоса қилишга эрта. Фақат бир факт – икки қардош давлатнинг Вашингтон билан алоқаси фаоллашаётгани аниқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА