Кикбоксинг: Венецияда ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон мадҳияси янгради
Италиянинг Венеция шаҳрида кикбоксинг бўйича ёшлар, ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 15 та медаллар шодасини қўлга киритди.
60 тадан зиёд давлатнинг минг нафарга яқин ёш кикбоксингчилари иштирок этган баҳсларда мамлакатимизнинг спортчилари 2 та олтин, 2 та кумуш ва 11 та бронза медалларига эга чиқди.

Шиддатли кечган жангларда терма жамоамиз аъзоларидан Азиз Юлдашев -51 кг вазн тоифасида терма жамоамизга илк олтин медални тақдим этган бўлса, Фузайл Содиқов “Kick” йўналишининг -67 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланди.

Айтиш лозимки, Фузайл Содиқов саралаш баҳсларида Европа ва Америка қитъаси вакилларидан устунликка эришди.
Финал жангида Қирғизистон терма жамоаси аъзоси билан тўқнаш келди. Ҳал қилувчи баҳсда Фузайл ўзининг юқори техникаси, аниқ зарбаси ва ғалабага бўлган кучли интилишини намойиш этиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.
Тўққиз кун давом этган жаҳон биринчилиги давомида маҳоратли ёш кикбоксингчиларимизнинг ғалабаси шарафига икки марта Венеция спорт майдонида Ўзбекистон мадҳияси янграб, ўн беш марта ватанимиз байроғи сарбаланд бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА