АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларига оид янги ҳужжатлар эълон қилинди
Куни кеча Нью-Йорк шаҳри расмийлари 2001 йил 11 сентябрдаги террор ҳужумидан кейин Жаҳон савдо маркази атрофидаги ҳаво сифатида кузатилган салбий ўзгариш билан боғлиқ ҳақиқатни очиб берувчи архив ҳужжатларини эълон қилди.
Маълум қилинишича, ўшанда ташқарига чиқиш хавфсизлиги ҳақида бир неча бор расмий ишонч билдирилганига қарамай, ҳавода турли хил хавфли моддалар мавжуд бўлган.
2002 йил июлда, ҳодисадан 10 ой ўтгач, мутахассислар қулаган эгизак миноралардан 1,5 километр масофада асбест борлигини аниқлаган. Баъзи намуналарда ушбу модданинг ҳаво билан аралашмаси хавфсизлик меъёридан ошган. Шунингдек, ҳудудга яқин жойда саратон касаллигини келтириб чиқариши эҳтимоли кучли бензол моддаси даражаси юқори бўлган. Бинобарин, ўша пайтдаги Нью-Йорк мэри Рудольф Жулиани ва унинг вориси Майкл Блумберг ҳаво сифати хавфсиз, тест натижаси меъёрий эканини таъкидлаган.
Дарвоқе, ушбу янги маълумотлар жабрланганларга федерал миқёсда товон пули олишда ёрдам бериши ва янги суд жараёни учун асос бўлиши мумкин.
“The New York Times” газетаси ёзишича, фожиа оқибати билан боғлиқ турли касаллик туфайли вафот этганлар бевосита ҳужум пайти қурбон бўлганлар сонидан ошиб кетган.
11 сентябрь куни эгизак бинога уюштирилган террор хуружида 3000 киши ҳалок бўлган эди.
С.Раҳимов, ЎзА