Миллий кутубхонада «Очиқ эшиклар куни»
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Очиқ эшиклар куни» ҳафталиги ўтказилмоқда.
«Китоб ва мутолаа» ҳафталиги тарзида ташкил этилган ушбу лойиҳа давомида ўқувчи-ёшлар ва талабаларга Миллий кутубхона имкониятлари, бу ердаги янгиликлар, китоб фондидан фойдаланиш тартиби ва бошқа имкониятлар ҳақида маълумот берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги тегишли қарори билан 2026–2030 йилларда мамлакатимизда бир кишига тўғри келадиган йиллик мутолаа ҳажмини ўртача 10 та китобга етказиш стратегик вазифа этиб белгиланди. Бу мақсадларни амалга ошириш учун Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Иқтидорли китобхонларни аниқлаш мақсадида республика миқёсида йирик кўрик-танловлар мунтазам ташкил этилмоқда. Уларда ғолиб бўлган иштирокчилар учун қонунчиликда белгиланган тартибда йирик миқдордаги пул мукофотлари, таълим грантлари ҳамда меҳнат жамоаларида қўшимча моддий рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.
Мактабларда ҳар ҳафтанинг шанба куни расман «Китобхонлик куни» деб эълон қилинди. Шунингдек, «Жадидлар изидан» танлови ва «Ноширдан китобхонга» ярмаркаларини тизимли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Китобхонликни тарғиб қилишда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси жамоаси ҳам фаол ҳисса қўшиб келмоқда.
«Китоб ва мутолаа» ҳафталиги доирасида пойтахтимиздаги бир қатор олий таълим муассасалари талабалари учун зиё масканига махсус экскурсиялар уюштирилмоқда. Шунингдек, китобхонлик тарғиботи бўйича ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, мулоқотлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Миллий кутубхонада мазкур маърифий лойиҳа доирасида «35-фойдаланувчи» акцияси ҳам амал қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳафта давомида кутубхонага янги аъзо бўлган ҳар 35-китобхонга фойдаланувчи ID-картаси бепул тақдим этилади ва китоб совға қилинади.

Ҳафталик давомида нафақат анъанавий китоблар, балки бугунги ёшлар учун қулай бўлган электрон ва аудиокитоблар ҳам кенг намойиш этилмоқда. Бу эса кутубхоналаримиз замон талабларига мослашиб, рақамли имкониятларини кенгайтириб бораётганидан далолат беради.
Лойиҳанинг дастлабки кунида рассом Хуршид Сатторов ижодига бағишланган «Куз илҳомлари» мавзусида расмлар кўргазмаси очилди. Кўргазмада тақдим этилган бадиий асарлар мусаввир нигоҳи билан она-табиат, борлиқ, йилнинг турфа фасллари ва об-ҳавосига назар ташлаш имконини беради. Асарлар томошабинни ҳаёт, тирикликнинг ҳикмати, унинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур мушоҳада юритишга ундайди.
Мазкур маърифий ҳафталик мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш ва уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири