Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тангалар муомалага чиқарилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида махсус эсдалик тангалар коллекциясини муомалага чиқарди.
Учта тангадан иборат мазкур коллекция Ўзбекистоннинг миллий давлатчилиги, тарихий мероси, миллий қадриятлари ва замонавий тараққиёти ғояларини ягона бадиий концепцияда мужассам этган. Ҳар бир тангада истиқлол даврининг муҳим рамз ва қадриятлари ўзига хос композиция орқали ифодаланган.
Коллекциянинг биринчи тангаси халқимизнинг озодлиги, миллий ғурури ва мустақил давлатчилиги тимсоли бўлган Мустақиллик монументига бағишланган. Монумент ортидан таралаётган қуёш нурлари истиқлол берган имкониятлар ва ёруғ келажак рамзи сифатида талқин этилган. Тўғри томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳамда унинг қабул қилинган санаси — 1991 йил 18 ноябрь акс эттирилган.
Иккинчи танга Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини ифодалайди. Унинг олд томонида Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази тасвирланган. Мазкур меъморий образ мамлакатимизнинг жаҳон илм-фани, маънавияти ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини англатади. Танганинг орқа томонида эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби ва унинг қабул қилинган санаси — 1992 йил 2 июль акс эттирилган. Композиция давлат суверенитети, миллий бирлик ва мустаҳкам давлатчилик ғояларини мужассам этади.
Коллекциянинг учинчи тангасида «35» рақами асосий композицион элемент сифатида ифодаланган. Унинг замонавий ва нафис талқини мустақилликнинг бардавомлиги, шунингдек, тарихий масъулиятнинг янги авлодларга ўтиб боришини англатади. Танганинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясидан олинган «Оламни маҳлиё айлаган диёр!» сатри ҳамда Мадҳия қабул қилинган сана — 1992 йил 10 декабрь акс эттирилган. Дизайнда миллий ўзига хосликни ифодалаш мақсадида дўппи нақшларидан ҳам фойдаланилган.
Эсдалик тангалари 999,9 асилликдаги олтин (Au) ва кумушдан (Ag) зарб этилган. Ҳар бир танганинг оғирлиги 31,1 грамм, номинал қиймати эса 100 минг сўмни ташкил этади. Тангалари уч донадан иборат коллекция тўплами шаклида, шунингдек, ҳар бири алоҳида тарзда ҳам сотувга чиқарилган.
Олтин эсдалик тангаларининг дастлабки тиражи 450 дона, кумуш тангаларники эса 800 донани ташкил этади. Бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг тиражи оширилиши мумкин.
Мазкур эсдалик тангалари Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллик тарихини миллий давлатчилик, тарихий хотира ва замонавий тараққиёт ғоялари уйғунлигида акс эттиради. Коллекция миллий тарих ва маданиятга қизиқувчилар, шунингдек, истиқлол тарихини ўзида мужассам этган ноёб эсдалик буюмларини қадрловчилар учун мўлжалланган.

Эсдалик тангалари 27 августдан бошлаб тижорат банкларининг 690 та филиалида сотувга чиқарилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА