Ўзбекистон бизнеси рақамли ечимларни фаол ривожлантирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ва Россиянинг технологиялар ва саноат соҳасидаги ҳамкорлиги фақат икки томонлама алоқалар доирасида чекланиб қолмаслиги кераклиги қайд этилди.
— Биз саноат бўйича салоҳиятни, ресурслар, бозорлар ва компетенсияларни бирлаштиришга қодир бўлган улкан кооперация маконини яратишни мўлжал қиляпмиз. Айнан шунинг учун биз “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш ташаббуси билан чиқмоқдамиз. Бу саноат кооперациясининг ягона рақамли платформаси билан бирлаштирилган ишлаб чиқариш ва технологик кластерларнинг ўзаро боғлиқ тизимидир.
Ушбу ташаббусни синовдан ўтган, ҳар йили Тошкентда ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” инновацион-саноат кўргазмаси платформаси базасида амалга оширишни таклиф этамиз. Бундай ёндашув бизнес учун ҳамкорларни тўғридан-тўғри топиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш имконини беради, – деди Президентимиз.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши, ҳеч шубҳасиз, иқтисодиётнинг янги мулоқот воситаси, таъбир жоиз бўлса, тилига айланган рақамлаштиришдир.
Агар илгари инфратузилма деганда, йўллар, қувурлар ва электр узатиш тармоқлари тушунилган бўлса, бугунги кунда бу, аввало, рақамли платформалар демакдир. Улар ўз атрофида яхлит экотизимни – иш ўринлари, логистика, тўлов хизматлари, янги экспорт имкониятларини шакллантирмоқда.
Ўзбекистон бизнеси рақамли ечимларни фаол ривожлантирмоқда ва айни пайтда кенг доирадаги мамлакатлар билан технологик ҳамкорлик учун очиқдир. Масалан, Россия маркетплейслари ва рақамли сервислари орқали маҳсулотларимиз савдоси ҳажми сўнгги бир неча йилда 3,5 баробар ўсиб, бир ярим миллиард доллардан ошди.
ЎзА