Кучли, бирлашган, иқтисодий жиҳатдан боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча шерикларимизнинг стратегик манфаатларига жавоб беради – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
–Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг юраги бўлиб келган. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент орқали нафақат маҳсулотлар ташилган, балки ғоя ва билимлар, маданий ва диний анъаналар бир-бирини ўзаро бойитиб келган. Шунинг учун ҳам очиқлик биз учун доимо танлов эмас, балки ҳаётий зарурат ва цивилизация коди ҳисобланган. Ҳозирги кунда у янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё мустақил иқтисодий ўсиш марказига айланмоқда. Бу минтақада келажакнинг транспорт, технология ва демография соҳаларидаги қиёфаси намоён бўлмоқда. Ушбу маконда Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги асосий коммуникациялар чорраҳаси шаклланмоқда.
Кучайиб бораётган айни тенденцияни янада мустаҳкамлаш учун бизга сифат жиҳатидан янги даражадаги боғлиқлик ниҳоятда зарур. Бу ўринда нафақат анъанавий транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини бирлаштириш, балки рақамли, тўлов ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини интеграция қилиш ҳақида ҳам сўз бормоқда. Кучли, бирлашган, иқтисодий жиҳатдан боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча шерикларимизнинг стратегик манфаатларига жавоб беради, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА