20 дан зиёд давлатларнинг ёш дзюдочилари Тошкентда Осиё чемпионлиги учун курашади
Бугун, 28 май куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Учқун Муродов хотирасига бағишлаган Осиё кубоги бошланади.
Осиё кубоги дастурига биноан 28-29 май кунлари ўсмирлар ўртасида беллашувлар ташкил этилса, 30-31 май санасида ёшлар орасида кучлилар аниқланади.
Мусобақада юртимиз дзюдочиларидан ташқари Россия, Озарбайжон, Грузия, Эрон, Мўғулистон, БАА, Қозоғистон, Хитой Тайпейи, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Тожикистон, Қирғиз Республикаси, Саудия Арабистони каби 20 дан зиёд давлатлардан келган 1200 нафарга яқин спортчи ёшлар ғолиблик йўлида кураш олиб боради.
Кеча мазкур нуфузли мусобақа олдидан қуръа ташлаш маросими ҳамда беллашувларни бошқариб борадиган ҳакамлар учун семинар машғулотлари ташкил этилди.
Қуръа ташлаш тадбирида Осиё дзюдо иттифоқи Рефери директори Акинобу Осако, Халқаро дзюдо федерацияси етакчи мутахассиси Абдулло Муродов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Азиз Собиров иштирок этди.
Мусобақаларни бошқариб борадиган ҳакамлар учун ўтказилган амалий машғулотлар асосида ташкил этилган семинарда Осиё кубогида реферилик қиладиган юртимиз ва хориждан таклиф этилган ҳакамлар қатнашди.
Семинар ҳакамлик сифатини ошириш, татамида ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва янгиланган қоидаларни бир хилда қўллашга қаратилди.
Семинарда ҳакамликдаги янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, яқинда Таиландда ўтган Осиё чемпионатидаги айрим баҳсли вазиятлар видео материаллар асосида таҳлил қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА