Эл-юрт ташвиши билан яшаган инсон ёди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Янгибой Қўчқоровнинг “Қаллибекнома” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Асар қорақалпоқ халқининг атоқли арбоби Қаллибек Камалов ва унинг замондошлари ҳаётига бағишланган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Қаллибек Камаловнинг чорак асрлик раҳбарлик фаолияти, юрт равнақига қўшган ҳиссаси, инсоний фазилатлари ва эл-юрт орасидаги обрў-эътиборини ёдга олди. Китобда унинг ҳаёти, оиласи ҳамда замондошлари билан боғлиқ хотиралар ва фотосуратлар жамланган.
Айтиш керакки, Қаллибек Камалов 1963 йилдан 1984 йилгача — роппа-роса 21 йил давомида Қорақалпоғистонда раҳбарлик лавозимида меҳнат қилди. Бу давр тарихда ўлканинг “Олтин даври” деб ҳам юритилади. Унинг раҳбарлиги остида саҳро қўйнида замонавий шаҳарлар қад ростлади, Нукус кичик бир қўрғондан яшил боғларга бурканган маданият марказига айланди.

Қаллибек Камаловнинг номи Қорақалпоғистондаги йирик қурилишлар ва ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Камалов фаолият кўрсатган даврда Оролбўйи минтақасида миллионлаб гектар ерлар ўзлаштирилиб, деҳқончилик маданияти янги босқичга чиқди. Саноат корхоналари ва ижтимоий иншоотлар тизими яратилди. Илм-фан ва санъат аҳлига алоҳида эътибор қаратилди, бу эса миллий ўзликни англаш жараёнини тезлаштирди.
Қаллибек Камалов наинки раҳбар, балки халқнинг дарди билан яшайдиган инсон эди. Унинг оддий одамлар билан мулоқоти, ҳар бир масаланинг мағзига етиб бориши уни чинакам “эл отаси” даражасига кўтарди. Унинг меҳнатлари юксак баҳоланиб, кўплаб давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Узоқ ва сермазмун умр кўрган бу зот мустақил Ўзбекистон даврида ҳам доимо эъзозда бўлди.
Қаллибек Камалов сиймоси — мардлик, донишмандлик ва ватанпарварликнинг тирик тимсоли бўлиб, келгуси авлодлар учун юксак ибрат мактаби бўлиб қолади.
Шунингдек, муаллиф Я.Қўчқоров аввал Камаловнинг 95 йиллигига бағишлаб “Бургутга бош эгмаган барс” ҳужжатли романини ҳам тақдим этган.

Асар муаллифи таниқли устоз журналист Янгибой Қўчқоров кўп йиллар давомида матбуот соҳасида меҳнат қилиб келаётган тажрибали публицист. У ўз ижодида тарихий мавзулар ва замондошлар ҳаётига алоҳида эътибор қаратади. Адиб асосан публицистик мақолалар, очерклар ва ҳикоялар ёзади. Унинг ижодида миллий қадриятлар, тарихий шахслар ва жадидчилик ҳаракати вакиллари ҳақидаги тадқиқотлар муҳим ўрин тутади.
Адабий тадбирда Янгибой Қўчқоровнинг ижодий фаолияти ва янги асари хусусида баатфсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири