Трамп: Эрон портларига қўйилган чекловлар давом этади (+видео)
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон портларига қўйилган чекловни тинчлик келишувига эришмагунча бекор қилмаслигини билдирди, деб хабар берди Euronews.
Трамп ижтимоий тармоқда: “Биз қўйган чеклов Эронни жиддий заифлаштиряпти. Улар ҳар куни 500 миллион доллар йўқотяпти, бу ҳатто қисқа муддат учун ҳам қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, — деган.
Ҳурмуз бўғозида ҳаракат яна қийинлашди, чунки Теҳрон ва Вашингтон алоҳида-алоҳида блокада жорий қилган.
Эрон Исломободдаги музокараларнинг иккинчи босқичига вакил юбормаслигини айтди. Теҳрон томонидан бу қарор якшанба куни Эрон байроғи остидаги юк кемасига АҚШ ҳарбийлари ҳужум қилиб, уни қўлга олганидан кейин қабул қилинди. АҚШ томони берган маълумотга кўра, кема Ҳурмуз бўғози атрофидаги денгиз блокадасини айланиб ўтишга уринган. Теҳроннинг бирлашган ҳарбий қўмондонлиги бунга жавоб қайтаришга ваъда берди, бу эса амал қилиш муддати тугашига бир неча кун қолган сулҳ тақдирига хавф солмоқда.
Эрон АҚШнинг бу ҳаракатини “қароқчилик” деб атади. Трампнинг айтишича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли жанговар кема Эрон кемасини аввал тўхташга чақирган, бўйсунмаганидан кейин ўт очилган ва АҚШ денгиз пиёдалари кемани назоратга олган.
Жароҳатланганлар бор-йўқлиги номаълум. АҚШ Марказий қўмондонлиги кемага олти соат давомида бир неча марта огоҳлантириш берилганини маълум қилди.
Бу воқеа нефть нархларининг яна ошишига сабаб бўлди ва шундоқ ҳам оғир бўлган жаҳон энергетика инқирозини янада кучайтирди.
Бу ҳаракат урушни тугатиш масалаларига ҳам таъсир кўрсатди. Трамп сўнгги кунларда урушни якунланиш арафасида эканини айтган эди, аммо ҳозирги ҳолат унинг аввалги баёнотларини шубҳа остига қўймоқда.
Кема қўлга олингани ҳақидаги хабардан бир неча дақиқа ўтгач, Эрон давлат ОАВлари президент Масъуд Пезешкиён ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти ҳақида хабар берди. Пезешкиённинг сўзларига кўра, АҚШ муаммоларни мулоқот, музокара ва келишув орқали ҳал қилиш ўрнига, дипломатияга зид равишда босим ва ноўрин таҳдидлар билан вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8VaaHX6IUJQ" title="Tramp: Eron portlariga qo‘yilgan cheklovlar davom etadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА