Улуғбек Тошхўжаев юртдошларимиздан вақтинча ёки доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тартибига амал қилишни сўради
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбари Улуғбек Тошхўжаев юртдошларимизга мурожаат қилди.
Қайд этилишича, 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда рўйхатдан ўтказишнинг ягона тизими жорий этилди. Қонун билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш билан боғлиқ аввалги чекловлар бекор қилинди.
Бироқ, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим юртдошларимизда мазкур қонун қабул қилинганидан сўнг республикамизда прописка тизими бутунлай бекор қилинган, деган нотўғри тушунча шаклланган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фуқаро ўз яшаш жойини вақтинча ёки доимий ўзгартирган тақдирда, янги манзилга келган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтиши шарт.
Бунинг учун ватандошларимиз ҳудудий миграция ва персоналлаштириш бўлимлари ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш мумкин. Бу хизматдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика инспекторларига мурожаат қилиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, қонун талабларига риоя этилмаган тақдирда, маъмурий жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига мувофиқ рўйхатдан ўтмасдан яшаган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг
3 баравари миқдорида, агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса, 5 баравари миқдорида жарима белгиланган.
Фуқарони рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйган масъул шахсларга 5 баравари миқдорида, бир йил ичида такрор содир этилса, 10 баравари миқдорида жарима белгиланган.
Умуман олганда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка тизимида узоқ йиллар давомида турли чекловлар мавжуд бўлгани сабабли айрим юртдошларимизда ушбу тизимга нисбатан салбий муносабат шаклланган.
Бироқ, рўйхатга олиш ёки ҳисобга олиш тизими дунёнинг деярли барча давлатларида мавжуд бўлиб, у аҳоли сонини аниқ ҳисобга олиш, уларнинг ҳудудлар бўйича тақсимланишини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.
Бу эса, ўз навбатида, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тўғри режалаштириш, янги мактаблар, боғчалар, шифохоналар қуриш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий хизматларни самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Аҳолининг ўз вақтида рўйхатдан ўтиши давлат органларига аҳоли ҳисобини аниқ юритиш, иш ўринлари яратиш, уй-жой сиёсати ва коммунал хизматларни тўғри режалаштиришда катта ёрдам беради.
Натижада мазкур тизим фақат назорат воситаси эмас, балки ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим бошқарув механизми ҳисобланади.
Департамент раҳбари барча юртдошларимиздан вақтинча ёки доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўз вақтида ўтишларини ва ушбу тартибга тўлиқ амал қилишларини сўради.
Н.Абдураимова,
ЎзА