Оғуфуруш қўлга олинди
Президентимизнинг жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини ишончли таъминлаш борасидаги топшириқлари ижроси ҳамда “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактика ойлиги доирасида Тошкент вилояти бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилган.
Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент вилояти ИИББ ходимлари ҳамкорлигида Бўстонлиқ туманида гиёҳвандлик ва ноқонуний қурол билан боғлиқ навбатдаги ҳолат фош этилди.

Ҳудуддаги Нанай маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро (У.Й.)нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, 17 дона гугурт қутиси ҳамда 11 дона қоғоз ва мато бўлагида жами 116 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланди. Шунингдек, ноқонуний равишда ов қуролини сақлагани ҳам маълум бўлди. Тадбир давомида ушбу гиёҳвандлик воситаси, электрон тарози ҳамда ов қуроли далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА