Нурафшон шаҳрида бир қатор тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди
Намунавий лойиҳа асосида қурилган 80 ўринли замонавий болалар шифохонаси ҳудуд аҳолиси учун Наврўз умумхалқ байрами кунларида катта совға бўлди.
Мазкур лойиҳа қурилиш ишлари учун 9,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Тўрт қаватли янги шифохонанинг биринчи қаватида болалар маслаҳат-диагностика бўлими жойлашган бўлиб, у ерда болалар невропатологи, эндокринологи, ЛОР шифокори, стоматолог ва логопед каби тор соҳа мутахассислари фаолият юритади. Шунингдек, даволаш хоналарида рентген, УТТ ва фиброгастроскопия каби замонавий диагностик ускуналар ҳам ўрнатилган.

Шифохонанинг қабул бўлимида беморлар қабул қилиниб, тегишли тартибда бўлимларга жўнатилади. Бундан ташқари, педиатрия бўлими, 10 ўринли чақалоқлар патологияси ҳамда 6 ўринли реанимация бўлимлари ташкил этилган. Учинчи қаватда эса физиотерапия ва реабилитация бўлими фаолияти йўлга қўйилган.

Мазкур шифохона нафақат Нурафшон шаҳри, балки Ўрта Чирчиқ туманидаги бемор болаларга ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатади.

Шунингдек, ҳудуд марказида яна бир тиббиёт объекти очилди. "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилган ушбу лойиҳа натижасида қарийб 230 минг нафардан зиёд аҳолига 24/7 режимда хизмат кўрсатилади. Бу ерда тез тиббий ёрдам тизими янада такомиллаштирилди.

Мазкур лойиҳа доирасида замонавий архитектура ва тиббий талаблар асосида янги бино барпо этилиб, қабул бўлими шаҳар диагностика бўлимидан алоҳида ташкил этилди. Бу эса беморларни қабул қилиш, кўрикдан ўтказиш ва йўналтириш жараёнларини янада тезкор ва самарали амалга ошириш имконини яратди.

Шунингдек, беморлар ва уларнинг яқинлари учун барча зарур қулайликларга эга, кенг ва шинам кутиш зали қурилди. Қабулхона замонавий мебель жиҳозлари, зарур тиббий ва техник ускуналар билан тўлиқ таъминланди.
Очилиш маросимларида Нурафшон шаҳар ҳокими Илҳом Кличханов, Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева иштирок этиб шаҳар аҳолиси ва тиббиёт соҳаси вакилларини яна бир янги тиббиёт муассасаси ишга тушгани билан табриклади ва қурувчи ташкилот вакиллари тақдирланди.
А. Мусаев, ЎзА