Осмонга йўл очилган маскан
22 март — Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун
Самарқанд шаҳри нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган йирик марказлардан бири ҳисобланади. Айниқса, астрономия соҳаси ҳақида сўз юритилганда Самарқанд номи алоҳида тилга олинади.
Мазкур заминда жойлашган Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси ўз даврининг йирик илм масканларидан бири сифатида эътироф этилган. Ушбу маскан тарихи бевосита унинг асосчиси — Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.
Мирзо Улуғбек давлат бошқарувидан кўра илм-фанни устувор деб билган, буюк астроном ва давлат арбоби сифатида тарихда қолган. Унинг ташаббуси билан Самарқандда барпо этилган Улуғбек расадхонаси ўз даврида дунёдаги энг йирик астрономик марказлардан бири бўлган.
Бугунги кунда ушбу ҳудудда ташкил этилган музей-мажмуа илмий тадқиқотчилар ва сайёҳлар учун диққатга сазовор манзиллардан бири саналади. Музей фондида 130 дан ортиқ экспонат сақланади.
[gallery-28306]
Маълумотларга кўра, 2025 йилда музей-мажмуага 300 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг қарийб 60 фоизини хорижий меҳмонлар ташкил этган.
Алишер Исроилов (сурат), ЎзА