Яхши хабар
“Энг илғор жангчи – 2026”: Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШда рекорд натижалар билан ғалаба қозонди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержант Илҳом Саломов ва III даражали сержант Турдимурод Авлаев жорий йилнинг 16 – 18 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати “Camp Shelby” ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи – 2026” мусобақасида муваффақиятли иштирок этди.

Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ҳарбий хизматчиларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашди, – дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммукинациялар департаменти хабарида.

Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (8 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқишларни ечишга қаратилган мажмуавий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентирлаш, 20 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, НАТО намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, номъалум ҳудудга вертолёт авиациясини чақиш ва унинг ёрдамида объектга етиб бориб арқон ёрдамида тушиш ҳамда кутилмаган (сюрприз) машқлар каби 13 та шартни муваффақиятли бажарди.

Жумладан, ҳарбий хизматчиларимиз жамоавий баҳс – 20 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 48 дақиқа ичида бажарди. Шуниндек, якка тартибдаги баҳсларда III даражали сержант Турдимурод Авлаев жисмоний ва руҳий зўриқишларни ўзида жамлаган мажмуавий тўсиқлар йўлагини 10 дақиқаю 34 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Илҳом Саломов тунда 15 километр масофага ориентирлаш шартини 59 дақиқада бажаришга муяссар бўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчиларимиз мусобақа рекордини янгилади.

Якунда ҳарбий хизматчиларимиз мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланди. Бу дастлабки ютуқ эмас, албатта. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилдан бери муваффақиятли қатнашиб, ҳар бирида иштирокчилардан мутлақ устунлик билан ғолибликни қўлга киритиб келади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DI9aC4tNMJg" title="“Eng ilgʻor jangchi – 2026”: O‘zbekiston harbiylari AQSHda rekord natijalar bilan yana g‘alaba qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>З.ЖОНИБЕКОВ,
Ё.МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА