Осакада Самарқанднинг Евросиёдаги тарихий ролини намойиш этувчи кўргазма иш бошлади (+видео)
ЎзА мухбири Япониядаги мазкур тадбирдан махсус лавҳа тайёрлади
Осакадаги Миллий этнология музейида бир кўргазма очилди – аммо бу оддий намойиш эмас. Бу вақт ва маконни боғловчи саёҳат.
Ўзбекистон ва Япония санъатшунослари томонидан ўйланган лойиҳа Самарқанд нафақат шаҳар, балки тарихнинг тирик нафаси сифатида намоён бўлишига замин яратади.

Ипак йўли – бу йўл эмас, бу қалбларни боғлаган ришталардир. Бир пайтлар савдогарлар юрган йўллардан нафақат моллар, балки орзулар, мусиқа ва ғоялар ўтган. Уларнинг излари бугун ҳам яшайди – ёғоч ўймаларда, ипакларда, мусиқа садоларида. Кўҳна Самарқанд эса ана шу буюк алоқаларнинг юраги бўлиб қолмоқда.

Бугун, янги давр остонасида, биз яна ўша қадимий ҳақиқатни эслаймиз: дунё алоқалар билан гўзал. Ва балки шу кўргазма — инсониятни яна бир-бирига яқинлаштирувчи, сукутда айтилган энг чуқур ҳикоядир.
19 март куни анъана ва замонавийлик уйғунлашган, маданият ва санъат нафаси билан яшайдиган Осака шаҳрида “Ипак йўли савдогарлари садоси: Самарқанд ёдгорликлари ва Евросиё алоқалари” номли кўргазма расман очилди.

Намойиш Марказий Осиёнинг қадимий ва замонавий тарихида савдогарларнинг ролини очиб беради ҳамда Ипак йўлини фақат савдо йўллари тизими сифатида эмас, балки маданий, диний ва ижтимоий алмашинув макони сифатида кўриб чиқишни таклиф этади.
Экспозициянинг марказий образи – турли тарихий даврларни боғловчи ва ўтмиш билан бугунни мулоқотга чорловчи савдогарлар тимсолидир. Асосий тарихий марказ сифатида эса суғд савдогарлари фаолият юритган муҳим шаҳарлардан бири – Самарқанд ажралиб туради.

Тадбирнинг очилиш маросимида музей директори, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси, Самарқанд Археология институти вакили, шунингдек тадқиқотчи ва санъатшунослар нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган кўргазма 2026 йил 2 июнга қадар ўз фаолиятини давом эттиради.

ЎзА саҳифаларини кузатиб боринг, кейинги лавҳаларимизда батафсил маълумот тақдим этамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4FbinfACI00" title="Osakada Samarqandning Evrosiyodagi tarixiy rolini namoyish etuvchi ko`rgazma ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Искандар Исматов (видео),
ЎзА