Байрам кунларида тиббиёт муассасалари туну кун ишлайди – Соғлиқни сақшлаш вазирлиги
Бугундан бошлаб Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз байрами муносабати билан 5 кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар 4 кун, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар кетма-кет 3 кун дам олади.
Ушбу саналарда аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилди.
Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Шунингдек, 20-23 март кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 20 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Ўз навбатида, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
Байрамлар муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида "103" хизмати ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради.
Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 167 та станция, 63 та подстанция ва 1 436 таянч пунктида 2 860 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан бўладиган чақирувлар учун доимий шай ҳолда.
М.Қосимова, ЎзА