Ўзбекистонда қайси соҳа вакиллари энг кўп маош олади?
Ўзбекистон иқтисодиётида 2025 йилда иш ҳақи динамикаси сезиларли даражада ўсди. Йил давомида номинал иш ҳақи 18,9 фоизга ошган бўлса, реал иш ҳақи ўсиши 9,3 фоизни ташкил этди. Натижада ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 6,4 миллион сўмга етди.
Муҳим жиҳати шундаки, 2023 йилдан кейин кўплаб тармоқларда кузатилган ўсиш суръатларининг пасайиши 2025 йилнинг иккинчи ярмида яна тикланиб, ўсувчи босқичга ўтди. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Меҳнат бозори” шарҳида маълум қилинган.
2025 йил якунларига кўра, энг юқори ўртача иш ҳақи молия ва суғурта соҳасида қайд этилди — 17,6 миллион сўм. Кейинги ўринни ахборот ва коммуникация хизматлари соҳаси эгаллаб, бу ерда ўртача ойлик 15,3 миллион сўмни ташкил этди.
Энг паст маошлар эса қишлоқ хўжалиги (3,4 миллион сўм) ва ижтимоий хизматлар (4,1 миллион сўм) соҳаларида кузатилди. Шу билан бирга, айнан ушбу тармоқларда кейинги даврда иш ҳақи ўсиш суръатлари тезлашгани эътиборга молик.
2025 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб иш ҳақи ўсишининг жадаллашуви, асосан, давлат секторида амалга оширилган индексация билан боғлиқ бўлди. Индексация — иш ҳақини инфляцияга мос равишда ошириш жараёнидир.
Жумладан, ташиш ва сақлаш соҳасида иш ҳақи номинал ҳисобда 18,9 фоизга (реал 9,3 фоиз), ижтимоий соҳаларда эса 17,4 фоизга (реал 7,9 фоиз) ошди. Энг паст ўсиш қурилиш соҳасида қайд этилди — номинал 9,1 фоиз, реал эса атиги 0,6 фоиз.
Ҳудудлар бўйича таҳлиллар иш ҳақи миқдорида катта фарқлар мавжудлигини кўрсатади. Реал иш ҳақи ўсиши энг юқори бўлган ҳудудлар — Наманган (13,1 фоиз), Сирдарё (11,5 фоиз) ва Жиззах (11,1 фоиз) вилоятларидир.
Энг паст ўсиш Андижон вилояти (4,6 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (6,2 фоиз) кузатилди.
Ўртача ойлик иш ҳақи бўйича эса Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда — 10 753,8 минг сўм. Кейинги ўринларда Навоий (7 871,6 минг сўм) ва Тошкент вилояти (5 967,7 минг сўм) жойлашган.
Бошқа ҳудудларда кўрсаткичлар қуйидагича:
Сирдарё — 5 119,1 минг сўм, Бухоро — 5 093,1 минг сўм, Хоразм — 5 052,4 минг сўм, Қорақалпоғистон — 5 003,1 минг сўм, Андижон — 5 238,6 минг сўм.
Нисбатан паст кўрсаткичлар Қашқадарё (4 476,7 минг сўм), Сурхондарё (4 481,8 минг сўм), Фарғона (4 730,2 минг сўм), Самарқанд (4 737,6 минг сўм), Жиззах (4 786,0 минг сўм) ва Наманган (4 751,3 минг сўм) вилоятларида қайд этилди.
2025 йилда иш ҳақининг юқори суръатларда ўсиши ички истеъмол ва иқтисодий фаолликни рағбатлантирди. Айниқса, молия, ахборот технологиялари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида талаб ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, тармоқлар ва ҳудудлар кесимида иш ҳақи ўсишидаги фарқлар даромадлар тафовути ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бироқ сўнгги вақтларда юқори маошли соҳаларда ўсиш суръатлари секинлашиб, паст маошли тармоқларда аксинча тезлашаётгани бу тафовутнинг аста-секин камайиб бораётганидан далолат беради.
Ш. Маматуропова,
ЎзА