Ёшлар билан очиқ мулоқот анъанага айланмоқда
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар ҳафта ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш анъанавий тадбирга айланмоқда. Бу ташаббус нафақат умумий маънавий муҳитни мустаҳкамлайди, балки ёшлар ижодий иқтидорини намоён қилиш, янги ғоялар ва ташаббуслар орқали жамиятни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконини ҳам беради.
Шу маънода, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий корхоналари раҳбарлари томонидан ҳам ёшлар билан мунтазам ва тизимли учрашувлар йўлга қўйилган. Бошқарув раиси в.б. Аҳмад Сувонқулов ҳам ҳар пайшанба ёшлар билан учрашиб, уларнинг фикрлари, ташаббуслари ва қизиқишларини диққат билан ўрганиб келмоқда.

Сўнгги учрашув Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида ташкил этилди. Мулоқот давомида ёшлар санъатга бўлган қизиқиши, ижодий фаолиятлари учун яратилган шарт-шароитлар ва уларнинг келгусидаги режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларга мамлакатдаги кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш, билим олиш ва шу орқали юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув давомида давлатимиз раҳбарининг ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва улар учун яратилган имкониятлар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мактаб раҳбарияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги ташаббусларни илгари суриш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Мустақиллик байрами ва Устозлар куни муносабати билан кенг қамровли тадбирларни ташкил этиш, шу билан бирга ўқувчи-ёшларни ичимлик суви билан таъминлаш жараёнлари билан таништириш мақсадида сув иншоотларига экскурсиялар ўтказиш таклифлари берилди.

Тадбир доирасида ўқувчилар 22 март – Бутун жаҳон сув куни муносабати билан ичимлик сувини асраш мавзусида “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ташкил этилган расмлар кўрик-танловида ўз ижодий намуналари билан фаол иштирок этди.

Бу каби учрашувлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижодий ва маънавий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда келажакда малакали ва фаол мутахассислар бўлиб етишишда муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА