АҚШ яна минглаб ҳарбийларни Яқин Шарққа юбормоқчи (+видео)
АҚШ маъмурияти Эронга қарши қуруқликдаги операцияга ва бойитилган уран захираларини назорат қилиш учун Яқин Шарққа бир неча минг ҳарбий юборишни кўриб чиқмоқда, деб хабар берди DW нашри.
Дональд Трамп маъмурияти Эронга қарши ҳарбий операцияни кенгайтириши мумкин, бу ҳақда Reuters агентлиги ҳам Оқ уй манбаларига асосланиб хабар берди. Маълумотларга кўра, Трамп маъмурияти урушни давом эттиришнинг турли сценарийларини кўриб чиқмоқда, жумладан қуруқликдаги операцияни амалга ошириш ва Ҳурмуз бўғози блокадаларига ҳарбий йўл билан барҳам бериш.
Манбаларнинг айтишича, бундай операция асосан АҚШ ҳарбий флоти ва ҳаво кучлари томонидан олиб борилади. Бироқ нефть танкерлари хавфсиз ўтишини таъминлаш учун Эрон соҳилига ҳам ҳарбийларни жойлаштириш зарур бўлиши мумкин. Яна бир сценарий эса Форс кўрфазидаги Эронга қарашли Харк оролига қушимча қуролли бўлинмалар юбориш. Бу орол Эроннинг асосий нефть экспорт марказларидан бири ҳисобланади. Лекин, бу вариант АҚШ учун хавфли саналади, чунки Эрон оролга ракеталар ва дронлар билан зарба бериш имкониятига эга.
Шунингдек, АҚШ маъмурияти Эрондаги бойитилган уран захираларини назорат қилиш учун ҳарбийларни юбориш ҳақида ҳам муҳокама қилмоқда. Reuters манбалари бу вазифа ҳатто АҚШ махсус қўшинлари учун ҳам жуда мураккаб бўлиши мумкинлигини тан олади.
Манбаларнинг таъкидлашича, ДональдТрамп бу операцияларни амалга ошириш учун қарор қабул қилмаган, бироқ турли вариантларни ўрганиб чиқмоқда. Шунга қарамай, Эронга қарши ҳарбий операцияни кенгайтириш ҳақидаги муҳокамалар, жумладан, 2000 нафар денгиз пиёда қўшинларини юборилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ташқарига чиқмоқда.
АҚШ президенти аввалроқ Эронга қарши ҳарбий операция тез орада якунланади деб айтган эди. Чунки, уларнинг маълумотларига кўра АҚШ аллақачон Эроннинг 7000 дан ортиқ объектларига зарба берган ва мамлакатда бошқа “хавфли” объект қолмаган. Шундай бўлсада, у Эрондаги объектларга янги зарбаларни истисно қилмаган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SI82PlunFcc" title="AQSh yana minglab harbiylarni Yaqin Sharqqa yubormoqchi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА