Трамп “катта ва шов-шувли” қонунни имзолаш арафасида (+видео)
DW нашри Дональд Трамп илгари сурган “катта ва шов-шувли” бўлиши кутилаётган қонун лойиҳаси АҚШ Конгресси томонидан қабул қилингани ҳақида хабар берди.
Имзоланиши кутилаётган бу ҳужжат Трамп учун муҳим сиёсий ютуқ сифатида баҳоланмоқда. Энди Трамп Конгресс орқали катта қонунни ўтказиб ўз сайлов олди ваъдаларининг катта қисмини амалга ошириш имкониятига эга бўлди.
Сиёсатшунос Стивен Вебстернинг таъкидлашича, бу қонун Трампга ўз дастурида аниқ қонунчилик ютуқлари борлигини кўрсатиш имконини беради. Шу билан бирга, Трамп уни 4 июль — АҚШ Мустақиллик кунида имзолашни режалаштирган, бу орқали сиёсий ғалабасини рамзий тарзда нишонлашни истаган.
Бироқ ушбу қонун барчага бирдек маъқул бўлмаяпти. Ҳатто Трампнинг ўз партияси бўлган, республикачилар орасида ҳам норозиликлар кузатилди. Айримлар тиббий ва ижтимоий дастурлар қисқаришига қарши чиқмоқда, бошқалар эса давлат қарзи ортиб кетишидан хавотирда.
Қонун мазмунига назар ташласак, у жуда кенг қамровли. Унда жисмоний ва юридик шахслар учун солиқларни камайтириш, иммиграцияни чеклашга катта маблағ ажратиш, ҳарбий харажатларни ошириш ва нефть-газ соҳасини қўллаб-қувватлаш каби чоралар бор. Шунингдек, Жо Байден даврида қабул қилинган айрим иқлим ташаббусларини бекорқилиш ҳам кўзда тутилган.
Хусусан, муҳожирликни чеклашга 178 миллиард доллар ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бу маблағ чегара деворини қуриш, чегара хизмати ва муҳожирлар билан боғлиқ суд жараёнларига сарфланади. Ҳарбий соҳага эса тахминан 153 миллиард доллар ажратилиши белгиланган.
Шу билан бирга, бу қонун нефть ва газ қазиб олишни рағбатлантиради, аммо электромобиллар ва тоза энергияга берилган имтиёзларни қисқартиради. Солиқ сиёсатида эса аҳоли ва бизнес учун катта имтиёзлар назарда тутилган.
Бироқ қонуннинг салбий томонлари ҳам йўқ эмас. Мустақил таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳужжат АҚШ давлат қарзини кейинги ўн йилда тахминан 3,4 триллион долларга ошириши мумкин. Бу масала ҳатто Трампнинг собиқ иттифоқчиси Илон Маск томонидан ҳам танқид қилинган. У мазкур қонунни қўллаб-қувватлаётган сиёсатчиларга, аксинча қаршилик кўрсатишни ва ҳатто бунга қарши янги сиёсий куч тузиш нияти борлигини билдирган.
Жамоатчилик фикри ҳам бир хил эмас. Сўровларга кўра, аҳолининг катта қисми, яъни 55 фоизи қонунга қарши, фақат 29 фоизи униқўллаб-қувватлайди. Қизиғи шундаки, ҳатто республикачилар орасида ҳам қонуннинг мазмуни тушунтирилгани сайин қўллаб-қувватлашлар сони камайиб бормоқда.
Энг катта хавотирлардан бири соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ. Трампнинг янги қоидаларга кўра, кам даромадли аҳоли учун мўлжалланган дастур ва озиқ-овқат ёрдами қисқариши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, бу ўзгаришлар натижасида тахминан 17 миллионга яқин америкалик тиббий суғуртасиз қолиши мумкин. Бу эса уларнингшахсий харажатларига жиддий таъсир кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, имзоланиши кутилаётган “катта ва шов-шувли қонун” Трамп учун катта сиёсий ютуқ бўлса-да, у жамиятда ва сиёсий доираларда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Қонун айрим соҳаларни қўллаб-қувватласа, бошқаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги учун унга муносабат ҳам турлича бўлиб қолмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v2UTasyndZM" title="Tramp “katta va shov-shuvli” qonunni imzolash arafasida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА