Ислом цивилизацияси маркази – халқимиз салоҳияти акс этган улкан маърифий маскандир
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази очилгани юртдошларимизга фахр ва ифтихор бағишлади.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Ислом цивилация марказининг аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Жаҳонда турли қарама-қаршиликлар, таҳликали вазиятлар кучайиб бораётган бир шароитда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суриш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай мураккаб замонда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат юртимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётгани барчамизга ифтихор бағишлайди.
Айниқса, 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ташаббуси илгари сурилгани менинг назаримда тарихий воқеа бўлди. Чунки ушбу ғоя орқали муқаддас Ислом динининг асл моҳияти – эзгулик, тинчлик, инсонпарварлик ва илм-маърифатга даъват экани бутун дунёга яна бир бор намоён этилди. Шу билан бирга, бу динни зўравонлик ва қон тўкиш билан боғлашга уринишларга нисбатан қатъий позиция билдирилди.
Мазкур юксак ғоялар асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юртимизнинг кўп минг йиллик тарихи ва бой маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этаётган ноёб мажмуага айланди.
Мен ушбу марказни нафақат меъморий иншоот, балки халқимизнинг маънавий қиёфасини, тарихий хотирасини ва интеллектуал салоҳиятини намоён этувчи улкан маърифий маскан сифатида баҳолайман.
Марказнинг расмий очилиш маросими муборак Рамазон ойи кунларига тўғри келгани ҳам чуқур рамзий маънога эга, деб ўйлайман. Чунки бу ой меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларини юксалтириш ойидир. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя, эҳтиёжманд аҳолига кўмак бериш, тиббий хизматларни яхшилаш каби ишлар айнан шу қадриятларнинг амалдаги ифодасидир.
Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда тинчликнинг қадрини чуқур англашимиз, уни асрашни энг устувор вазифа сифатида қабул қилишимиз зарур, деб ҳисоблайман. Мамлакатимизда 38 миллиондан зиёд аҳолининг бир оиладек аҳил ва тотув яшаб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир. Турли миллат ва дин вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликда яшаши эса Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт модели эканини яққол кўрсатади.
Менинг фикримча, Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий ёдгорликлар жамланган жой, балки замонавий илмий-тадқиқот ва маърифий марказ сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Бу ерда жойлашган экспозициялар халқимизнинг бой тарихи, цивилизацияси ва тараққиёт босқичларини яхлит ҳолда намоён этади.
Марказда жамланган нодир қўлёзмалар ва тарихий манбалар аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини ёрқин ифода этади. Бу эса, аҳоли, айниқса, ёшлар учун катта маънавий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Чунки ўз тарихини билган, аждодлари мероси билан фахрланган авлодгина келажакда юксак натижаларга эриша олади.
Ислом цивилизацияси марказини ёшларимизни илму маърифатга чорловчи, уларни буюк алломаларимиз йўлидан боришга илҳомлантирувчи муҳим маънавий макондир. Бу ерда шаклланаётган илмий муҳит янги авлод олимлари ва тадқиқотчиларни вояга етказишга хизмат қилади.
Шунингдек, марказ фаолиятида халқаро ҳамкорликка берилаётган эътиборни ҳам алоҳида таъкидлашни истардим. Турли давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани мамлакатимизнинг очиқлик сиёсати ва жаҳон ҳамжамияти билан яқин мулоқотга тайёр эканини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари томонидан 2026 йилда очилиши интизорлик билан кутилаётган ТОП музейлар рўйхатига киритилгани, шубҳасиз, мамлакатимиз нуфузининг юксалаётганидан далолат беради. Бу, аввало, Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва илгари сурилган маърифий ташаббусларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг ёрқин намунасидир.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур марказни барпо этиш ва уни бой тарихий мерос билан таъминлашда Президентимизнинг шахсий ташаббуси ва беқиёс ҳиссаси бор. Дунёнинг турли бурчакларида сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тарихий ёдгорликлар ва экспонатларни юртимизга олиб келиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу эса, халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва маданий меросини қайта тиклаш, уни келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ҳар бир юртдошимиз ўз оиласи, фарзандлари билан ушбу марказга ташриф буюриб, халқимизнинг бой тарихи ва маънавий мероси билан яқиндан танишиши жуда муҳим. Чунки инсон ўз илдизларини, ўзлигини англаган сари, унинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва масъулият туйғулари янада мустаҳкамланади.
Н.Абдураимова, ЎзА