Наврўз барчага кўтаринки кайфият улашмоқда
Шу кунларда Тошкент вилоятининг барча жойларида “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир” шиори остида байрам кенг нишонланяпти.
Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройи атрофи ва "Ёшлар боғи"да ҳам баҳорий айём кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унга Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан алоҳида тайёргарлик кўрилди. Байрам сайлида аҳоли гавжум бўлди. Миллий ва қардош халқларнинг ўзига хос қадриятлари ва урф-одатларини акс эттирган кўргазмалар намойиш этилди. Айниқса, миллий ҳунармандчилик намуналари, бадиий чиқишлар барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир аввалида Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов ҳудуд фаоллари ва фахрийлар билан бирга барчани Наврўз умумхалқ байрами билан қутлаб, самимий тилакларини билдирди.
Турли миллий спорт мусобақаларида олмалиқлик ёшлар ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Хусусан, арқон тортиш, тош кўтариш, узунликка сакраш, кураш, шахмат-шашка, бокс каби спорт мусобақаларининг ғолибларига эсдалик совғалари топширилди. Халқ ўйинларида қатнашган болажонлар ҳам унутилмас таассуротлар олди.

– Халқимиз қадимда Наврўзни “йил боши” деб атаган. Биз ҳам аждодларимиз каби шу ажойиб кунда яхши ниятлар қиламиз. Наврўзнинг бетакрор гўзаллиги, инсонпарварлик руҳи ва теран фалсафаси глобаллашув даврида ҳам бутун башариятни ҳайратга солаётгани унинг азалий моҳияти ва ҳаётбахш кучидан далолат беради. Наврўзи олам фалсафаси бизнинг орзу-интилишларимиз, амалий ишларимиз билан узвий боғланиб кетганини бугун ҳар қадамда яққол кўриш мумкин, – дейди Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов.
Наврўз сайлида турли танловлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, мусиқий кўнгилочар дастурлар намойиш этилди. Шунингдек, миллий таомлар тайёрланиб, барчага улашилди. Шунингдек, байрам тадбирида шаҳардаги олий ўқув юртларининг талабалари ҳам фаол қатнашди. Улар ижросидаги бадиий чиқишлар, илм-фан ютуқларини акс эттирувчи махсус кўргазма ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

А.Мусаев,ЎзА