Хавфсиз маҳалла — хавфсиз юрт (+видео)
Бугун мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мутлақо янги, илмий асосланган тизимга ўтказилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудларда ташкил этилаётган кенг кўламли тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Университетнинг малакали мутахассислари томонидан пойтахтимизнинг Юнусобод, Учтепа, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида шунингдек, Тошкент вилоятининг Тошкент тумани "Маҳаллалардаги раислар билан ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш” мавзусида махсус ўқув-семинар тренингларига старт берилди.
Ушбу семинарларнинг асосий мақсади — маҳалла раисларига аҳоли билан ишлаш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш ва низоли вазиятларни барвақт ҳал этишнинг замонавий психологик ҳамда ҳуқуқий механизмларини ўргатишдан иборат. Машғулотлар давомида “маҳалла еттилиги” тизимида ижтимоий профилактикани ташкил этишнинг энг самарали усуллари амалий машқлар орқали кўрсатиб берилмоқда. Мазкур ўқув-тренинглар шунчаки назарий жараён эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1 ваПҚ–2-сонли қарорларида белгиланган устувор вазифаларнинг узвий давомидир. Мазкур тарихий ҳужжатлар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштиришни талаб этади.
Шу мақсадда, Университет ишчи гуруҳлари юқорида қайд этилган ҳудудларда, айниқса, криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда чуқур илмий-амалий ўрганишларни амалга оширмоқдалар. Бу жараёнда қуйидаги тизимли ёндашувларга амал қилинмоқда:
• Қонунбузилишларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган асл ижтимоий, иқтисодий ва маиший омиллар "хонадонбай" ўрганишлар орқали таҳлил қилинмоқда.
• Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос "портрети"дан келиб чиқиб, жиноятчиликни жиловлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
• Олинган илмий хулосалар асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий таклифлар шакллантирилмоқда.
Жамоат хавфсизлиги университети олимлари ва соҳа мутахассисларининг бевосита маҳаллабай ишлаш тизимига жалб этилиши, Президент қарорларида белгиланган "Хавфсиз маҳалла — хавфсиз юрт" тамойилини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда нафақат маъмурий, балки илмий ва ижтимоий ёндашувларнинг устуворлигини таъминлайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sSoybJP8M4E" title="Xavfsiz mahalla — xavfsiz yurt" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов ЎзА